Иқлим ўзгариши фонида юз бераётган табиий офатлар ва айниқса бу йил ҳаддан зиёд содир бўлаётган сув тошқинлари дунё аҳолисининг тинка-мадорини қуритмоқда. Хўш, сўнгги ҳафталарда дунёнинг қаерларида катта сув тошқинлари содир бўлди ва бундан энг кўп ким зарар кўрди?
Бразилия
Бразилиянинг Жанубий Рио Гранде до Сул штатида даҳшатли тошқинлар рўй бермоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги етти кун ичида камида 75 киши ҳалок бўлди. Яна 103 киши қидирувда эканлиги маълум қилинган. Маҳаллий ҳокимиятнинг хабар беришича, камида 155 киши жароҳатланган, ёмғирдан талафот кўрган аҳоли сони эса 88000 дан ортиқ. 16000 дан зиёд мактаб ва гимназиялар вақтинчалик ёпилган. Фуқаролик мудофаа маълумотларига кўра аҳоли сув таъминотисиз қолмоқда. Сув босган маҳаллалардан эса одамлар тахталар орқали эвакуация қилиняпти. ушбу тошқин сўнгги 1941 йилда бўлиб ўтган тарихий тўфонни ҳам йўлда қолдирди.
Судан
Суданда сув тошқинлари 79 нафар инсонни оқизиб кетди. Содир бўлган тошқин оқибатида Нил дарёси, Жазира, Оқ Нил, Ғарбий Курдуфан, Жанубий Дарфур ва Кеселе штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Мамлакатнинг марказида жойлашган Жезире вилояти Менагил сув тошқини оқибатида ҳалок бўлганлар ва молиявий йўқотишлар туфайли “фалокат зонаси” дея аталмоқда. Маълумотларга кўра, сув тошқинларида 3000 дан ортиқ уй вайрон бўлган, 136 минг киши жабрланган.
Афғонистон
Афғонистон пойтахти Кобул яқинидаги Лўгар вилоятида содир бўлган сув тошқинида 20 дан зиёд киши ҳалок бўлди. Кучли ёмғир сув тошқинига сабаб бўлган. Лўгардаги сел оқибатида 32 кишининг тан жароҳати олгани, сел сувига тушиб қолган 4 кишидан эса ҳалигача хабар йўқлиги айтилмоқда. 3 мингдан ортиқ уйнинг зарар кўрган. Толибон муваққат ҳукумати табиий офатларни бошқариш давлат вазирлиги матбуот котиби Муҳаммад Несим Ҳакканий сўнгги бир ойда мамлакат бўйлаб содир бўлган сув тошқинларида 165 киши ҳалок бўлганини маълум қилди, бу даврда минглаб гектар ерлар ҳам тошқиндан зарар кўрган.
Бирлашган Араб Амирлиги
БАА да сўнгги 75 йилдаги энг кучли ёмғир кузатилди. Шаҳарда кучли сув тошқинлари содир бўлди.
Йирик магистраллар, кўчалар, кўплаб уй ва биноларнинг биринчи қаватлари, йирик савдо марказларидан бири — “Dubay Mall» ҳам сув остида қолди. Дубай халқаро аэропорти фаолиятини тўхтатди ва ўнлаб рейслар бекор қилинди. Сувлар шаҳар метросини ҳам четлаб ўтмади.
Покистон
Покистон апрел ойида кучлироқ ёғингарчиликни бошдан кечирмоқда. Ёғингарчилик натижасида тахминан 10 киши ҳалок бўлган, 56 киши жароҳатланган, 2600 дан ортиқ уй вайрон бўлган. Сўнгги 30 йил ичидаги энг кучли ёғингарчилик айнан шу йилги апрел ойи эканлиги айтиляпти.
Ўзбекистон
Жумладан Юртимизнинг Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида юз берган сел-сув тошқини оқибатида юздан ортиқ хонадонларга сув кирган. Йиғилган ёмғир сувлари Арналисой орқали “Элобод” маҳалласига кириб келган.“Азларсой” маҳалласидаги 56 та хонадондан 210 нафар ва “Элобод” маҳалласидаги 32 та хонадондан 150 нафар аҳоли хавфсиз ҳудудда жойлашган яқин қариндошларининг уйларига вақтинча кўчирилган.