Саёҳатлар — одамларнинг дунёқарашини кенгайтириб, уларни чиниқтиради. Яна йўлдаман…
Кетаётган жойим ҳақида одамларнинг фикрлари, энциклопедик маълумотларни ўқиб, бу ерни тарихи ҳақида ўқиганларим билан солиштиряпман.
Ўзбекистонда мен энг кўп боришни хоҳлайдиган тарихий шаҳарга, Хивага кетяпман. Мен учун Хива аслиятини сақлаб қолган, қоришиқлардан йироқ архитектурага эга шаҳар. Ичанқалъанинг суратларининг ўзи одамни ўзига нимадири билан тортади.
Урганчда поезддан тушишим билан биринчи жудаям қаттиқ иссиқни ҳис қилдим. Тошкентда эса ҳаво анча салқин, баҳор ёмғирлари ҳали шаҳарни тарк этмаганди. Хивагача машинада бориб меҳмонхонага жойлашдик.
Яшил табиатга эътибор
Хивада менинг эътиборимни тортган биринчи нарса бу — дарахтларни асраб авайлашдир. Тўғри, баланд дарахтлар йўқ аммо шаҳар чўл ҳудудида жойлашган. Шу сабабли унган бир ниҳолни ҳам жуда қадрлашади. Ҳатто Ичанқалъа ичида бир ресторан олдида биттагина дарахт учун уни 2 метр дарахт орқасига қуришган. Масалан, Тошкент шаҳарда унақа унча-мунча дарахтларга қараб ўтиришмайди.
Шаҳар маҳаллаларида ҳудди қишлоқлардагидек, дарвоза ташқарисида ҳам мевали дарахтлар кўп ва яхши қаралиши сезилади. Аҳолининг айтишича, уларни мева тугиши билан дорилашади. Шунинг учун у ердаги ҳар қандай мевани узиб ейиш мумкин эмас.
Архитектура
Хиванинг бошқа шаҳарлар архитектурасидан кескин фарқ қиладиган ўзига хос архитектура дизайни бор. Маҳаллий аҳолининг уйларида қўлланилган дарвозанинг ёки уйнинг устки қисмидаги айвонлар дизайни ва услуби ресторан ва меҳмонхоналарида ҳам кенг фойдаланилади. Айвонлар — атрофи чўл бўлган шаҳарда бўладиган чўл шаббодаларидан табиий шамоллатиш тизими сифатида фойдаланишнинг ажойиб йўли. Ёғоч устунлар ва панжаралардан ҳали ҳам кенг ва ўринли қўлланилади.
Ичанқалъанинг ички қисмида ҳам аҳоли яшайди. Аҳолининг уйлари ҳам Ичанқалъанинг табиий қадимийлигини бузмайди. Унинг устига аҳоли уйлари ҳам кескин фарқ қиладиган ўта замонавий услубларда эмас. Улар том маънода эски шаҳарни сақлаб қолишган. Ҳатто қайта таъмирлашда ҳам бўрттирилмаган.
Тунда ҳам Ичанқалъа ўз бетакрорлигини йўқотмайди. Чироқлар дизайни ҳам уни нақадар тарихий ва қадимий ҳашаматини йўқотиб юборадиган даражда кўп ва ранг-баранг эмас.
Айвонларида қўлланиладиган пардалар оқ ва ҳарирлиги чўл ҳудудида яшовчи одамларнинг уйи эканлигини англатиб туради.
Заргарлик
Хиванинг заргарлик тарихи ҳам бугуни ҳам ажойиб удум ва анъаналарга бой. Хива шоҳларидан бўлган Ферузхон даври заргарлик соҳасининг бу мамлакатда юксалиш йиллари десак муболаға бўлмайди. Баъзи манбаларга кўра, Ферузхоннинг ўзи ҳам заргарлик билан шуғулланиб аёлларига ўз қўли билан тақинчоқлар ясаб берган. Бугунги кунда айнан ўша Хоразмшоҳ тарафидан ясалган заргарлик буюмлари музейларда сақланади ва айнан ўша заргарлик дизайнларидан ҳозирги заргарлар кенг фойдаланади.
Заргарлик буюмларидан фойдаланишда махсус анъаналар сақланиб қолган. Масалан, ҳалқа шаклидаги тилла зирак янги келинлик белгиси сифатида турмуш қурган кунидан бошлаб қизлар тақиб юришади. Маҳаллий заргарлар ушбу зираклар оғирроқ бўлиши ва соф тилладан ясалишини таъкидлаб ўтди.
Қадимда Хоразмда аёллар зиракларининг оғирлиги, ҳажмининг катталиги ва узунлиги аёлнинг нақадар зодагон аёл эканини кўрсатган.
Хоразмнинг гўзаллиги — табиийлик, сақланиб қолинган анъана, қадрият ва эски шаҳаридадир.
Хивага бўлган уч кунлик саёҳат менга юқоридан Ичанқалъани кўриш, халқаро фестивалда чет эллик янги инсонлар билан танишиш, Хоразм мазали музқаймоқларидан тотиш, тарихий воқеаларни айнан ўша жойда тасаввур қилиш каби кўплаб илиқ таассуротларни берди.
Агар сиз ҳам Хивага бормоқчи бўлсангиз кийимларингиз қаторида кечки сайрлар учун иссиқ кийим ҳам олинг. Чунки чўлнинг шаббодаси кундузи иложи борича жазирамани енгиллатиб турса, кеч тушгач этни жунжиктиради ҳам.
Фазилат Соиб