Мўғулистон аҳолиси мамлакат табиий бойликларидан фойдаланишдан даромад олишни бошлайди, деб хабар берди Мўғулистон ҳукумати.
Хабарга кўра, мамлакатнинг сотилган табиий бойликлари ҳисобидан эндиликда Миллий фаровонлик жамғармаси фуқароларнинг ҳисоб рақамларига пул ўтказиб боради.
Қонун қабул қилиниши билан энг йирик тоғ-кон саноати корхоналари ўз фойдаларининг 34 фоизигача Миллий фаровонлик жамғармасига депозит қўяди. Улар орасида мис ва молибден қазиб олиш ва бойитиш бўйича Осиёдаги энг йирик корхоналардан бири бўлган собиқ Россия-Мўғулистон «Эрденет» тоғ-кон бойитиш комбинати ҳам бор.
Маълумот учун, Мўғулистон ҳукумати АҚШ, Япония ва Хитойдан хорижий сармояларни ҳамда мамлакатда мўл бўлган ер ости бойликларидан фойдали қазилмаларни қазиб олишнинг янги Ғарб технологияларини жалб қилиш бўйича фаол сиёсат олиб бормоқда.
Иқтисодчилар моддий бойликлардан аҳолига улуш бериш жуда яхши ечим эканлигини таъкидлашмоқда.
Мутахассислар эса бу йўл давлат ва фуқаролар ўртасидаги муносабатни мустаҳкамлашига ишонмоқда.