Болалик хотиралари ҳар қандай одамни ҳайратлантирмай қолмайди. Ширин хотиралар, уни эслатувчи ҳар қандай нарса бизни ўша даврга қайтишга бўлган хоҳишимизни ошираверади. Болалигимиз ўтган қишлоқ, мактаб, маҳалла, биз кўрган соддаликни нуқси урган қишлоқ одамларининг йиллар давомида қадри шу қадар ўтганки, ҳатто умуман нотаниш қишлоқ қиёфаси, бегона одамлар ҳам бир кўришда меҳримизни қозонади.
Болалигимизда кўрган фильмлар, унинг қаҳрамонлари бизнинг яқин дўстларимиздек бўлиб қолади гўё. Айнан мана шу кўринмас ришталарни боғлаш мақсадида Ogoh.uz мухбири «Танга топди» қишлоғидан махсус фоторепортаж тайёрлади.
Танга топди – тоғ бағридаги, ям-яшил табиат, тоза ҳавога эга сўлим қишлоқ. Қишлоқдан Оҳангарон сув омбори кафтдек кўриниб туради. Майдони катта эмас, хонадонлар ҳам шунга яраша. Аммо барча тоғ ва тоғолди қишлоқлари каби уйларнинг ораси бир биридан узоқ масофада жойлашган. Фақатгина қишлоққа кираверишда бир қатор уйлар тизилган маҳаллани кўришингиз мумкин. Бу ернинг яшил ландшафти, доимий эсиб турувчи енгил шабада, қушларнинг чуғурлаши-ю, баъзан табиатнинг сокин мусиқасига ритм бериб турадиган чорва моллари товуши ҳам қишлоқ муҳитини яхлит бир гўзалликда сақлайди.
Биз борган вақтдан бир неча кун аввал қишлоққа сел келган чоғи тепаликка чиқадиган ёлғизоёқ йўллар ирмоқларга айланган.
Қишлоқ кўчалари транспорт учун асосий йўлни айтмаганда тиккалик қилади. Аксарият уйларда ўзбек қишлоқларининг XX аср архитектураси сақланиб қолган. Айнан мана шу уйлар ва табиат ўзига хос гўзал манзарани яратади.
Балки қайсидир томда кимдир «Мен Парижга кетаман» деган ўйда ўтиргандир…
Фазилат Соиб