МИБнинг МИБдан қарзи бор

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг МИБ органларидаги қарздорлиги 513,2 миллион сўмни ташкил этади.

Эътибор қаратилишича, қарздорлик бўла туриб Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси 735,5 миллион сўмга икки дона электромобиль харид қилган.

Маълум бўлишича, Мажбурий ижро бюроси Юнусобод туман бўлими иш юритувида, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан, бюродан ундирувчи Caravan group МЧЖ фойдасига 512 миллион 557 минг сўм қарз ва 30 минг сўм почта харажати ундириш кўрсатилган.

Мазкур ижро ҳужжати бюронинг Юнусобод туман бўлимига 17 апрель куни келиб тушган. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ижро ҳужжати ихтиёрий муддат тугаган кундан эътиборан икки ой ичида ижро этилиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, ҳужжатнинг ижроси белгиланган муддатда амалга оширилиши таъминланади, — дейилади бюро ахборотида.