Олмазор тумани «Чаманбоғ» маҳалла ҳудудида жойлашган 300 та хонадонда 1000 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилиб, уларнинг ярмини болалар ташкил этади. Аммо, мана шу 300 та хонадон учун бир дона ҳам болалар майдончаси мавжуд эмас. Айтилишича, болалар майдончаси учун мўлжаллаган бир бўш ҳудуд маҳалла раиси томонидан сохта ҳужжатлар асосида тендерга қўйилган ва орадан бироз вақт ўтгач тендерда ғолиб чиққан шахс уни “CONSTRUCT SIDE” МЧЖ га сотиб юборган.
Ҳужжатларга кўра, аукцион 2021 йил феврал ойида якунланган. Қонун бўйича агар аукциондаги ер енгил қурилиши ишлари учун ютилган бўлса, уч ой муддат ичида қурилиш амалга оширилиши керак. Модомики тендер ғолиби уч ой муддат ичида қурилиш ишлари амалга оширмаган бўлса, аукцион баённомаси бекор қилиниши шарт. Бироқ мазкур аукцион ўтказилганига уч ой эмас уч йил бўлди. Устига устак, тендернинг шартнома шартларида бу ҳудудга дўкон қурилиши келишилган бўлса, тадбиркоримиз бир йўла етти қаватли уй қуришни кўзлаган.
«Улар боғни тендерда ютиб олганмиз, дея бир неча ҳужжатлар билан маҳалламизга келишган. Лекин ҳужжатлар тўлиқ эмас», дейди «Чаманбоғ» маҳалласи фуқароси.
Маҳалла фуқароларидан бирининг айтишича, улар ҳоким ўринбосарига маҳаллада болалар майдончасини қуриб беришини сўраб мурожаат қилишганида, ҳоким ўринбосари маҳалла раиси болалар майдончаси борлигини ва бошқа майдонча керак эмаслигини маълум қилганлигини иддао қилиб, мурожаатни қайтариб юборган. Аммо нагандир маҳалла раисига айнан шу савол билан юзланганимизда, у бу ишни ўзидан соқит тутиб, аввалги раисга боғлаб қўйди.
«Бу ишга менинг алоқам йўқ. Шу кунгача бу ерда учта раис алмашди. 2016 йил мен раис бўлган эдим. 2019 йил бўшаганман. 2021 йил ораларида эса яна келганман», дейди маҳалла раиси.
МЧЖ эгаси маҳалла аҳолисига ҳамма ҳужжатлар қонунийлиги ва ер ҳамон уники эканлигини иддао қилмоқда. Аммо буни исбот этувчи керакли ҳужжатларни на фуқароларга ва маҳалла идорасига тақдим этмоқчи эмас. Турли бўш ҳудудлар маҳалла билан келишган ҳолда аҳолининг эҳтиёжига кўра, турли мажмуа, маскан қурилиши учун давлат томонидан тендерга қўйилади. Чаманбоғ маҳалласидаги ушбу ҳудуд ҳам мана шу меъёрлар бўйича 2021 -йилда тендерга қўйилган. Тендерга қайси мақсад билан қўйилган ким ютиб олганини расман тасдиғини кўрмадик.
Ҳарчанд тендер ҳужжатларини ўрганиш учун тендернинг 14 та махсус рақамларни тадбиркордан олишга уринсак-да, тендер лот рақамларини тадбиркорлар тиш тирноғи билан яширишмоқда. Ҳолбуки, ушбу рақамлар uz.ex тендери сайти орқали халқ кўриши учун очиқ маълумотлар сифатида эълон қилиниши керак.
Шу ўринда бир савол туғилади. Модомики барча ҳужжатлар қонуний бўлиб, тендер шартномаси ҳамон ўз кучида бўлган бўлса, нима учун фирма эгалари буни исбот этувчи рақамларни кўрсатишни истамайди? Бундан ташқари шартнома шартларида белгиланган, фуқаролар розилиги остида амалга оширилиши кера бўлган қурилиш ишлари нима сабабдан халқ билан ҳисоблашиб ўтирмай амалга оширилмоқда? МЧЖ нинг ҳужжатларни очиқ ойдин ошкор қилишига нима монелик қилади?
Суриштирувимиз жараёнида 2023 -йилда олинган экологик экспертиза хулосасини кўриб чиқдик. Шу ўринда савол туғилади: 50 дан ортиқ мевали дарахтлари бор яшил ҳудудни йўқ қилишга экология ташкилотлари қандай рухсат берган? Устига устак, маҳалла раиси бизга тақдим этган суратларда бу ҳудудни ташландиқ ҳолдаги суратлари илова қилинган. Экологик эксперт ҳам шу фотосуратга кўра хулоса берганми?
Хавфсизлик томонидан олиб қаралганида ҳам, бу ҳудуд қурилиш ишларини бошлаш учун ўта хавфли зона ҳисобланади. Сабаби майдонда 6 та баланд қаватли уйлар учун мўлжалланган электр шит ва газ босимини созлаш пункти жойлашган. Мазкур ерда мавжуд қувурлар қўшимча қурилишга, газ босимга ва электр таъминотига бардош бермайди.
«Биринчидан, бу ерда бирор бино қурилиши мумкин эмас эди. Чунки бу майдон хавфли. Шу сабаб бу ҳудуд боғга айлантирилди. Аммо, бироздан сўнг эса тадбиркорлар келиб бу ерда уй қурмоқчи эканлигини айтишди. Биз ҳокимият ва прокуратура органларига неча бор ариза ёздик, аммо уларнинг бирортаси келиб вазиятни ўрганмади, ёрдам ҳам бермади. Иккинчидан, биз қариялар ва ёш болалар бироз ҳордиқ олишимиз учун кичик хиёбон керак», дейди маҳалла фаоли.
Шаҳар бедарвоза эмас, қонун барча учун баробар. Аммо, нима учун шу кунга қадар масъуллар аҳолининг мурожаатларига беэътибор бўлиб келишмоқда? Нима сабабдан ҳам аҳоли хавфсизли, ҳам экологияга оид бундай муҳим муаммога бармоқ остидан қарашмоқда? Ёки бунинг туб замирида «қарға қарғанинг кўзини чўқимайди» қабилидаги бизга номаълум сирлар яширинганми? Биз эса тегишли ташкилотлардан айнан шу саволларимизга жавоб кутиб қоламиз.