Коррупсияга қарши курашишга яна бир қадам, ҳуқуқни қўллаш амалиётида манфаатлар тўқнашувини олдини олиш ва тартибга солиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзолади.
Қонун давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига нисбатан татбиқ этилади.
Қонунда давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими, манфаатлар тўқнашуви, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича махсус бўлинма, шахсий манфаатдорлик, яқин қариндошлар каби асосий тушунчалар киритилди.
Мазкур Қонун манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тўғридан тўғри тартибга солишга қаратилган.
Қонунда қуйидагилар белгиланган:
- манфаатдорликка йўл қўймаслик, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бериш, шахсий манфаатларини кўзлаб бошқаларни ҳаракат (ҳаракацизликка) мажбурламаслик бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
Бунда манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги ахборотни ходимлар томонидан ошкор этиш икки шаклда, яъни мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарнома бериш ва эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларация тўлдириш орқали амалга оширилади.
- ходимга алоқадор шахслар давлат органи ёки бошқа ташкилот билан муносабатларга киришганда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича декларация тўлдириш мажбуриятлари белгиланди.
- Манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни давлат томонидан тартибга солишда Коррупсияга қарши курашиш агентлиги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланди.
Қуйидаги шахслар давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходимига алоқадор шахслар деб эътироф этилади:
⁃ давлат органи ёки бошқа ташкилот ходимининг яқин қариндошлари;
⁃ давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ва (ёки) унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахснинг устав фонди (устав капитали) акцияларига ёки улушларига эгалик қилса, ўша юридик шахс;
⁃ давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими ёхуд унинг яқин қариндошлари қайси юридик шахсда бошқарув органининг раҳбари ёки аъзоси бўлса, ўша юридик шахс.
Ўз навбатида, давлат ташкилотлари, уларнинг одоб-ахлоқ комиссиялари, коррупсияга қарши ички назорат тузилмалари ва кадрлар билан ишлаш бўлинмалари манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишда ички назорат вазифаларини амалга оширади.
- Манфаатлар тўқнашувини бир қатор ахборот манбааларидан аниқлаш йўли билан амалга ошириш белгиланди. Мисол учун: тижорат ташкилотларининг аффилланган шахслари ва якуний наф олувчилари (бенефисиарлари) рўйхатларидан; “Ягона миллий меҳнат тизими” Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсидан ва бошқалар.
- Манфаатлар тўқнашуви вазиятларини тартибга солиш бўйича бир қатор чоралар белгиланди. Мисол учун, коллегиал орган таркибидан ихтиёрий равишда ўзини ўзи рад этиши орқали ёки мажбуран четлаштириш чораларини кўриш орқали манфаатлар тўқаншувининг олди олинади.
- Давлат органлари ва ташкилотларида манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестри юритилади. Унда хабар берилган, аниқланган ҳамда тартибга солинган манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.
- Жавобгарлик
- Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида хабар бермаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима белгиланди.
- Агарда ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.
- Шунингдек, мансабдор шахслар томонидан мавжуд ёки эҳтимолий манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш юзасидан чоралар кўрмаганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгиланди.
- Агарда ушбу хатти-ҳаракатлар бир йил давомида такроран содир этиладиган бўлса, ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилишига сабаб бўлади.
- Бунда маъмурий баённома расмийлаштириш билан боғлиқ вазифалар Коррупсияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилади.
- Бундан ташқари, коррупсия ва манфаатлар тўқнашувига йўл қуйилган ҳолда тузилган битимлар суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилади ҳамда битим бўйича барча олинган фойда давлат буджетига ўтказилади.
- Қонун қабул қилинган кундан 6 ой ўтгач кучга киради.