“Ҳаётдан заррача умидим қолмаган эди…” (видео)

Халқимиз орасида азал азалдан “ойнинг ўн беши қоронғи бўлса ўн беши ёруғ”, деган нақл юради ва бу айни ҳақиқат. Омад ва бахт ҳар кимга ҳам кулиб боқавермайди, кимгадир кеч, кимгадир эрта берилса, кимлардир кадарига ёзилган толедан рози ўлароқ ҳаёт ўтказади. Қаҳрамонимиз Хушнуд ҳам унга тақдим этилган қисматни қабул қилган инсонлардан биридир.

Тошкент вилоятининг Пискент туманида истиқомат қилувчи Хушнуд Холматов асли Наманган вилоятида туғилган бўлиб, 41 ёшни қаршилаган икки нафар фарзанднинг отаси. Шоирлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда ўлади дейишади. Хушнуд ҳам анча йиллар илгари Тошкентга Муҳаммад Юсуфдек шоир бўламан деб келган эди. Афсуски, умрининг энг гуллаган йилларида ҳаёт уни ўз синовлари билан имтиҳон қилди.

“Мен Тошкентга шоир бўламан, деб келган эдим. мусиқа чалишни, қўшиқ куйлашни, ёзган шеърларимни катта хонандалар ижро қилишини жуда истардим. Талабалик йилларим жуда оғир кечди. Ота-онам оддий деҳқон, мен ижарама-ижара халтамни кўтариб юрадиган оддий талаба. Шундай кунлар бўлганки, ҳатто ижара уйдаги 3-4 талаба 10 та нонга ҳафталаб кун кечирганмиз. Уйга боришга пул йўқ, ишлай деса имкон. Мардикорликка чиққан пайтларимиз уй эгалари бизни ишлата-ишлата пулимизни бермай ҳайдаб юборишар эди. тунлари қайсидир кафеларда гиргиттонлик қилардик. Аммо, ўйлаб қарасам ўша кезлари умримнинг энг ёрқин паллалари шу бўлган экан. ҳаммаси кейин бошланиб кетти”,
дейди Хушнуд.

У навқирон йигит чоғларида бир қизга кўнгил қўйган, аммо ота-онаси шаҳарликлар сендек қишлоқига қиз бермайди, деб икки ёшнинг боши қовушишга имкон қолдирмаган.

“Мен уни жуда яхши кўрар эдим. Ҳанузгача кўнглим унда, унутолмаганман. аёлим ҳам билади. ҳаттоки кундалик дафтаримда ёзилган мактублари ва расмларни рашкдан кўз ўнгимда йиртиб ҳам ташлаган. Аммо нима қилай, агар қайта яшаш учун имкон берилса ҳам яна шу қизни севган бўлар эдим, зеро ёзган шеърларимнинг барчаси фақат унга аталади”
Йиллар ўтган сари Хушнуднинг кўзи оғирлаша борди ва охир оқибат қилинган битта хато қарор туфайли бутунлай кўздан қолди.

“Кўз нурим пасайиб бораётган эди. докторлар менга жарроҳлик амалиётини таклиф қилишди. Хатарли бўлишига қарамай уни ўтказдим ва 28 ёшимда бутунлай кўздан қолдим. анча вақт ўтганидан сўнг қайта жарроҳлик амалиёти ўтказишди, аммо шунда ҳам кўзим деярли кўрмайди. Ўша йиллари мактабда мусиқа дарси ўқитувчиси бўлиб ишлар эдим. Кўзим кўрмай қолганидан кейин мени бўшатишди. Хушнудни кўзи оқиб кетибди, деган гаплар ҳам қулоғимга етиб келди. Менга бошқача назар билан қарай бошлашди. Бир томондан моддий қийинчиликлар, иккинчи томондан руҳий тушкунлик ҳаммаси бир бўлиб мени кемиришни бошлади. Аёлим ана шу кунларда менинг ёнимда турди, далда бўлди. Айни шу сабаб ҳам ундан миннатдорман.

Ҳаётдан умидим қолмаган эди. ҳаммаси тамом, деб ўйладим. Йўқ, ҳаёт давом этаверар экан. Бироздан сўнг ўзимни яна қайта тикладим. аввалига болалар боғчасига ишга кирдим, кейин мени мусиқа мактабига чақиришди. Орзу қилганимдек ёзган шеърларимни санъаткорлар қўшиққа солиб куйлашди, китобим чоп этилди. бугун ўз шогирдларим бор. Шеърларни ўзим ёза олмасам-да айтиб тураман, яқинларим уни қоғозга тушириб беришади. Энди айта оламанки, мен ўтган умримга ачинмайман ва ҳаммаси учун яратганга шукр дейман…”