Фармонга кўра, 2024 йил 1 августдан хорижий кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун олиб чиқиладиган тайёр заргарлик буюмларини “вақтинча олиб чиқиш” божхона режимига жойлаштиришда йиғим БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида ундирилади.
2024 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 октябргача:
белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича импорт қилинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ҳамда заргарлик соҳасида фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, қадоқлаш ва этикеткалаш маҳсулотлари божхона божидан озод этилади;
“Uzbek Jewellery Fair” халқаро кўргазма савдоси доирасида Ўзбекистоннинг норезидентлари томонидан республика ҳудудига вақтинча олиб кириладиган ҳамда кейинчалик қайтариб олиб чиқиладиган заргарлик буюмларига нисбатан божхона ҳужжатларини расмийлаштиришда божхона йиғимлари ундирилмайди.