Республикамизда кузатилаётган аномал иссиқ об-ҳаво шароитида электр энергиясига бўлган талаб ҳафта давомида 16,5 млн кВт соат ёки ўртача 7,1 фоиз ошганлиги кузатилди. Хусусан, 25- ва 26 июль кунлари энерготизим бўйича мутлақ тарихий рекорд кўрсаткичлар янгиланди.
Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 25 июль куни соат 15:47 да ҳаво ҳарорати +39,7 даражада (Тошкент шаҳрида) Ўзбекистон энерготизимида истеъмол қуввати 11 822 МВтни ташкил қилди.
Мазкур кўрсаткич ёз даври учун тарихдаги абсолют рекорд бўлиб, 2023 йил 28 июлда (+40 даража) қайд этилган энг юқори истеъмолга нисбатан 343 МВт кўп бўлди.
Шунингдек, 26 июль куни ёзги максимал суткалик электр энергияси истеъмоли 253,3 млн кВт•соатни ташкил этиб, 2023 йил 28 июль кунги ёзги максимал истеъмолдан 0,9 млн кВт•соат кўп бўлди.
Тошкент шаҳрида 26 июль куни абсолют тарихий рекорд истеъмол қуввати соат 14:27 да кузатилиб, 1705 МВтни ташкил этди. Бу ўтган йилги 27 июль (+40,1 даража) кунида кузатилган максимал истеъмолга нисбатан 97 МВт кўпдир.
Аномал ҳарорат фонида ҳаво ва кабель электр узатиш линияларининг ўтказувчанлик қобилияти пасайиши сабабли пойтахтнинг алоҳида электр тармоқ хўжалик объектларида (соат 11:00 дан соат 17:00 гача) ўта кучли юкланишлар қайд этилди.
Мазкур ҳолат тизимли аварияларнинг ривожланишига йўл қўймаслик ва пойтахт истеъмолчиларнинг тартибсиз оммавий узилишларини олдини олиш мақсадида, Тошкент шаҳар истеъмолчиларига қисқа муддатли вақтинчалик чекловлар киритишни талаб этди.
Истеъмолчилардан тармоқда кенг кўламли носозликлар юзага келишининг олдини оладиган, анча узоқ вақт тузатишни талаб қиладиган ҳолгача етиб бормаслик учун қисқа муддатга электр энергиясини узиб туришга тўғри келадиган бундай зарурий чоралар бугун ўта муҳим эканлигини тўғри тушунишларини сўраймиз.
Қатъий тежамкорликка амал қилиб, зарурат бўлмаган ҳолларда электр асбобларидан фойдаланмаслик орқали ҳам барчамиз тизимда юкламанинг ортишини, авариялар ва узилишларнинг содир бўлишини олдини олишга катта ҳисса қўшамиз.
Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда кундузги соатларда энерготизимда жами 1300 МВт захира қувватлари мавжуд бўлиб, энерготизим истеъмол талабининг қарийб 1900 МВт қисми ёки 16 фоизи қуёш фотоэлектр станциялари ҳисобидан қопланмоқда. Натижада соатига 590 минг куб метр газ иқтисод қилинишига эришиляпти.
Шуни қайд этиш керакки, аномал иссиқ шароитида айрим тармоқларда юз бераётган авариялар ҳудудларда ташкил этилган махсус бригадалар томонидан кечиктирмасдан бартараф этилмоқда. 1154 қисқа рақамига аҳоли томонидан бўладиган мурожаатларга тезкор жавоб бериш мақсадида эса қўшимча ходимлар жалб қилинган.