Жорий йилнинг 18 июль куни Лондонда “Euromoney” халқаро журнали томонидан “Банк ва молия сектори 2024” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзсаноатқурилишбанк уч йўналишда, жумладан, “Ўзбекистоннинг энг яхши банки”, “Экологик, ижтимоий ва корпоратив соҳалардаги энг яхши банк” (ESG), шунингдек, “Ўзбекистоннинг энг яхши корпоратив банки” номинациялари бўйича тақдирланди.
“Euromoney” таҳлилчилари таъкидлаганидек, Ўзсаноатқурилишбанк фаолиятини трансформация қилиш натижасида сўнгги беш йил ичида банк кўрсаткичлари бир неча баробарга ўсди. Чакана бизнес билан бир қаторда кичик ва ўрта бизнес сегментларини ривожлантиришга, хусусан, янги маҳсулотларни жорий қилиш, Joyda мобил иловаси жозибадорлигини ошириш ва банкдаги барча бизнес жараёнларни рақамлаштиришга катта эътибор қаратилди.
Корпоратив мижозларга кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтириш борасида янги механизм яратилди. Банкнинг бош офисида алоҳида таркибий бўлинма ташкил этилди, ҳар бир корпоратив мижозга хизмат кўрсатувчи масъул менежер жалб қилинди, мижозлар билан бевосита ва доимий мулоқот йўлга қўйилди.
Тақдирлаш маросимида банк томонидан ESG лойиҳаларини молиялаштириш сезиларли даражада кенгаяётгани, мамлакатда ижтимоий, экологик ва корпоратив барқарорликни таъминлашга қўшаётган ҳиссаси ошаётгани алоҳида таъкидланди.
Қайд этиш лозимки, 2023 йилда банкнинг “яшил” кредит портфели ўтган йилга нисбатан 79 фоизга ошган ва айни пайтда бу кўрсаткич 580 миллион долларни ташкил қилади.
2023 йилда Ўзбекистон тарихида биринчи бор Ўзсаноатқурилишбанк томонидан “яшил” еврооблигациялар эмиссия қилинди.
Айтиш жоизки, “Euromoney” дунёнинг банк, молия ва инвестиция соҳаларига ихтисослашган етакчи нашрларидан биридир. Журнал ушбу соҳалардаги компаниялар фаолиятининг аҳамияти ва таъсирини холисона баҳолаш ҳамда рейтинглаш тизими билан молия ва медиа бозорида ўз нуфузини сақлаб келмоқда.