Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазири Гулистан Кожабаева бошчилигидаги ишчи гуруҳ шу йил 20-26 июль кунлари амалий ташриф билан Британияда бўлди.
Ташриф давомида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан Британиянинг Кембриж университети ва унинг ҳузуридаги таълим ташкилотлари ўртасида ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари муҳокама этилди.
Қорақалпоғистон мактабларида Кембриж ўқув дастурини жорий этиш ва халқаро стандартларни қабул қилиш орқали ушбу ҳудудда ўқитиш ва таълим сифатини янада ошириш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари «Cambridge Assessment International Education» ташкилоти ижрочи директори Жейн Манет, ўқитувчилар тайёрлаш бўлими бошлиғи Диана Парсон ва унинг минтақавий менежери Стив Кинг учрашувлар ўтказди.
Муҳокамалар чоғида Қорақалпоғистон мактабларида Кембриж ўқув дастурини жорий этиш, аккредитация жараёнлари ва ўқув дастурини самарали амалга ошириш учун ўқитувчиларни зарур кўникма ва билимларни эгаллашда уларни малакасини ошириш лойиҳаларини йўлга қўйиш истиқболлари хусусида фикр алмашилди.
Музокаралар якунида Қорақалпоғистон мактабгача таълим ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда «Cambridge Assessment International Education» ташкилоти ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур ҳужжат Кембриж ўқув дастурини амалга ошириш, мактабларни аккредитация қилиш ва ўқитувчиларнинг доимий касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни қамраб олган.