Истеъмолчилар федерацияси аҳоли манфаатини кўзлаган ҳолда 200кВт базавий меъёрни 400 кВтга оширишни сўраб Ўзбекистон республикаси Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга мурожаат юборди.
“Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқ ва бошқа манбааларда электр энергияси учун “бир ойлик базавий миқдор” кўрсаткичларини ошириш бўйича тарқалаётган хабарларни таҳлил қилиш, шунингдек Федерацияда ҳузурида тузилган ишчи гуруҳнинг ўрганиш натижаларига кўра 2021-йилда 100 та давлат ичида Исландия (52 688 кВт/соат), Норвегия (23 027 кВт/соат), Баҳрайн (21 365 кВт/соат) каби давлатлар йиллик бир кишига тўғри келадиган электр энергияси истеъмоли бўйича энг юқори учталикка кирган бўлса, Мянма (204 кВт/соат), Нигерия (119 кВт/соат), Конго
(83 кВт/соат) каби давлатлар энг паст кўрсаткичлар билан 98-100-ўринларни қайд қилганлар.
Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар Қозоғистонда ушбу кўрсаткич йиллик 4 932 кВт/соатни, Туркманистонда 2 524 кВт/соатни, Қирғизистон Республикасида 1 840 кВт/соатни, Тожикистонда
1 753 кВт/соатни ташкил этган
Ўзбекистонда эса Марказий Осиёдаги энг паст кўрсаткич – бир кишига йиллик 1 599 кВт/соат (74-ўрин) қайд қилинган.
Бундан кўринадики, 2021-йилда юртимизда бир нафар шахсга ўртача йиллик истеъмол 1 599 кВт/соат, ойига эса 133,25 кВт/соатни ташкил қилган. Агар ушбу кўрсаткични 4 нафар аъзоси бўлган битта уй хўжалиги учун ҳисоблаб кўрсак, ойлик истеъмол 4133,25 кВт/соат = 533 кВт/соатга тўғри келгани аён бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг аҳолининг турмуш даражаси бўйича расмий маълумотларига кўра, 2023-йилда республикадаги уй хўжаликларининг 61,4 фоизида оила аъзолари сони 5 нафар ва ундан кўп кишини, республика бўйича уй хўжаликлари аъзолари сонининг ўртача умумий кўрсаткичи эса 5,1 нафарни ташкил қилган.
Бугунги кунда бир нафар шахс учун зарурий электр энергияси истеъмоли ойига 75 кВт дан 110 кВтгачани ташкил қилаётгани ҳеч кимга сир эмас ва бу ҳақидаги маълумотлар турли манбаларда ҳам кўплаб келтирилган.
Юқоридаги кўрсаткичларнинг энг паст кўрсаткичи (яъни бир кишига
75 кВт)дан келиб чиқиб, Мамлакатимиз аҳолиси учун ҳисоб-китобларга ана шу истеъмол кўрсаткичини юқоридаги нормадан энг қуйиси, яъни бир кишига 75 кВт сарфланади, ҳар бир уй хўжалигида ўртача 4 нафардан одам истиқомат қилади деб олинса, қиш мавсуми, шунингдек, ёз мавсумидаги аномал иссиқ ҳолатларини ҳисобга олмаган ҳолда, бир кишига бир ойлик ўртача 475 кВт/соатни ташкил қилади.
Иситиш мавсумида аҳоли (маиший истеъмолчилар)ни табиий газ билан таъминлашдаги қийинчиликлар, бунинг ортидан хонадонларни иситишда қўшимча электр энергиясидан ҳам фойдаланишга мажбур бўлаётгани, “бир ойлик базавий миқдор”нинг камлиги тўғрисида аҳолидан Федерацияга кўплаб мурожаатлар бўлмоқда, норозиликлар билдирилмоқда.
Юқоридагиларни ва айни дамдаги жазирама мавсумда аҳоли хонадонларини совутиш учун ҳам электр энергиясидан фойдаланишга мажбур бўлаётганлигини эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси электр энергияси истеъмоли учун “бир ойлик базавий меъёр” кўрсаткичини 200 кВт/соат эмас, балки 400 кВт/соат этиб белгилаш, шунингдек қиш мавсумидаги электр энергияси истеъмоли учун ҳам (табиий газ истеъмоли учун қарорда келтирилгани каби) “иситиш мавсуми” таърифини киритилиш, мазкур тариф доирасида истеъмолчиларнинг ИИИ гуруҳи (аҳоли, 1.2.2- банд) истеъмолчиларига “бир ойлик базавий меъёр” кўрсаткичинини камида 500 кВт/соат этиб белгилаш таклифини ҳукумат томонидан кўриб чиқилишида амалий ёрдам беришингизни сўраймиз”,— дейилади Федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов мурожаатида.