Саудия Арабистони 2034 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини кўлга киритса, ўйинларни 15 та стадионда ўтказмоқчи, уларнинг бир қисми нолдан қурилади.
Бу ҳақда Bloomberg хабар бермоқда.
Қайд этилишича, жаҳон чемпионатига бешта шаҳар – Ар-Риёд, Жидда, Ал-Хобар, Абҳа ва Неом мезбонлик қилади.
Мусобақа учун махсус бир нечта стадионлар қурилади, мавжудларини эса Халқаро футбол федерацияси талабларига жавоб берадиган тарзда модернизация қилиш ва камида 40 минг ўринли қилиб, кенгайтириш режалаштирилган. Очилиш ўйини ва финал бир вақтлар қурилган, 92 минг мухлисни сиғдира оладиган Қирол Салмон номидаги стадионида бўлиб ўтади.
Саудия Арабистони 2034 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш учун ариза топширган ягона давлатдир. 2026 йилги жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. 2030 йилги жаҳон чемпионатининг асосий мезбонлари Испания, Португалия ва Марокаш бўлади, турнирнинг очилиш ўйини Уругвайда, кейинги икки ўйин Аргентина ва Парагвайда ўтказилади. 2026 йилдан бошлаб жаҳон чемпионатларида 48 та жамоа иштирок этади.
Жаҳон чемпионати-2034 мезбони 11 декабрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган ФИФАнинг алоҳида конгрессида расман тасдиқланади.