Мустақиллик байрами муносабати билан пенсия тўловлари олдиндан тўлаб берилади

Пенсия тўловлари пластик картага 1 сентябргача ташлаб берилади. Бу ҳақда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан 1-3 сентябрь дам олиш кунларига тўғри келмоқда.

«Кекса ёшдаги фуқароларни, пенсия олувчиларни, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда байрамни кўтаринки руҳда кутиб олишларини таъминлаш мақсадида, пенсия тўловларини банк пластик картада олувчи фуқароларнинг жорий йил сентябрь ойи учун пенсия тўловлари 1 сентябрь кунига қадар уларнинг банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Нақд пул шаклида пенсия олувчиларга тўловлар 4 сентябрь кунидан бошлаб Халқ банки сайёр кассалари томонидан графикка мувофиқ амалга оширилади.

Жамғарманинг эслатишича, жорий йил сентябрь ойи пенсиялар миқдори 15 фоизга оширилган ҳолатда пенсионерларга тўланиши таъминланади.