Туркияда эркига хилоф равишда тутқунликда сақланган ўзбекистонлик аёл қутқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.
Бош консулхонага Ташқи ишлар вазирлиги орқали Қарши шаҳридан 21 ёшли фуқаро ўз онасининг Истанбулга 4 йил олдин кетгани, 3 йилдан бери алоқага чиқмаётганини айтиб, онасини топиш ва Ўзбекистонга қайтаришда ёрдам сўраган мурожаати келиб тушган.
Олиб борилган текширишлар натижасида, 1982 йил Қарши шаҳрида туғилган Х.Д. Туркиянинг Ушоқ шаҳрида эканлиги, 2020 йилдан буён Туркия фуқароси М.Г. томонидан эркига хилоф равишда тутқунликда ушлаб турилганлиги аниқланган.
Жорий йилнинг 27 август куни Бош консулхона, Ташқи меҳнат миграциясининг Истанбул шаҳридаги вакили, “Ўзбек аёллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” жамияти ва Туркия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор тадбир ташкил этилган. Натижада, аёлнинг ҳаётига ва соғлигига зиён етказилмаган ҳолда қутқарилиб Ушоқ шаҳар ички ишлар бошқармасига етказилган.
Туркия қонунчилигига биноан шахсни эркига хилоф равишда тутқунликда сақлаганлиги учун М.Г.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган.