30 август куни Туркияда бўлиб ўтган Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги тадбирлари доирасида Анқара шаҳри Кечиўрен туманида Алишер Навоий ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Туркия Ташқи ишлари вазирлиги, ТУРКСОЙ ташкилоти, Анқара шаҳри ва туманлари ҳокимликлари вакиллари, олий таълим муассасалари ректорлари, навоийшунос ва тилшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
«Анқарада буюк аждодимизнинг улуғвор ҳайкалининг очилиши нафақат бизлар учун, балки Туркиядаги барча биродарларимиз, ҳаттоки бутун туркий дунёдаги қардошларимиз учун катта шараф эканига чин дилдан ишонаман», — деди элчи Алишер Аъзамхўжаев.
Ҳозирга қадар Навоий ҳайкали Москва, Душанбе, Остона, Токио, Минск, Шанхай, Сеул ва Боку шаҳарларида ўрнатилган.
Август ойи бошида Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Остона шаҳрида Алишер Навоий ҳайкалини очиб берганди.