Қонунчиликка кўра, 2024/2025 ўқув йилидан олий ва профессионал таълим ташкилотларининг талаба ва ўқувчиларига таълим кредитлари қуйидагиларни назарда тутган ҳолда ажратилади:
• олий ва профессионал таълим ташкилотларида таҳсил олиш учун таълим кредити фақат кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба ва ўқувчиларга ажратилади;
• таълим кредити:
• олий таълим ташкилотларининг биринчи босқич талабалари ҳамда профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун тўлов-контракт суммаси миқдорида;
• олий таълим ташкилотларининг иккинчи ва ундан юқори курс талабалари учун фанларни ўзлаштиришнинг ўртача кўрсаткичи “3” дан паст бўлган тақдирда тўлов-контракт суммасининг кўпи билан 80 фоизи миқдорида ажратилади.
Бунда таълим кредити:
• ОТМ талабалари учун – талабалар тўғрисидаги маълумотлар “Талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритиш” (kontrakt.edu.uz) ахборот тизими ва “Олий таълим жараёнларини бошқариш” (HEMIS) ахборот тизимида мавжуд бўлганда;
• профессионал таълим ташкилотлари ўқувчилари учун – ўқувчилар тўғрисидаги маълумотлар “Профессионал таълим жараёнларини бошқариш” (prof.edu.uz) ахборот тизимида мавжуд бўлганда ажратилади.