Буюк Британиянинг Лидс университети олимлари Ерда ҳар йили қанча миқдорда пластик чиқиндилар юзага келишини ҳисоблаб чиқди.
Тадқиқот шуни кўрсатдики, уларнинг умумий ҳажми 52 метрик тоннагача етади. Бу Нью-Йоркнинг бутун марказий паркини осмонўпар бинодек қалин қатлам билан қоплаш учун етарли.
Олимлар дунёнинг 50 минг шаҳрида қанча чиқинди юзага келишини таҳлил қилишди. Тадқиқот фақат қайта ишлашга юборилганларни эмас, балки атроф-муҳитга тушиб қолган пластикларни ҳисобга олди. Натижалар шуни кўрсатдики, пластик чиқиндиларнинг учдан икки қисмидан кўпроғи Жануби-Шарқий Осиё ва Саҳрои Кабирдан жанубдаги Африка мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.
Лагос (Нигерия) энг ифлосланган шаҳар деб тан олинди. Шунингдек, бу рўйхатга Нью-Деҳли, Луанда, Карачи, Қоҳира каби шаҳарлар киритилди.
Энг кўп пластик чиқиндилар чиқарадиган мамлакат Ҳиндистон (йилига 9,3 миллион тонна).
У иккинчи ўриндаги Нигерияни (3,5 миллион тонна) ва учинчи ўриндаги Индонезияни (3,3 миллион тонна) сезиларли фарқ билан ортда қолдирди. Хитой (2,8 миллион тонна) бу борада тўртинчи ва Покистон (2,5 миллион тонна) бешинчи ўринни эгаллади. Таққослаш учун, Буюк Британия йилига 4600 метрик тонна билан 135-ўринни эгаллайди, дейилади ABC News хабарида.