Тошкент шаҳрининг Сергели туманида тиланчилик учун ўзининг 10 ёшли ўғлидан фойдаланган эркак қамалди. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.
ИИББ хабарига кўра, у ўзининг ўн ёшли фарзандини кўчага тиланчилик учун чиқариб, кузатиб турган вақтида ходимлар томонидан ички ишлар бўлимига олиб кетилган.
“Ўғлим тиланчилик қилган. Мени 10 сутка жазога тортиляпман. Қарамагандим, ўғлим тиланчиликка чиқиб кетган экан. Ҳолат бошқа қайтарилмайди”, деган судланувчи.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман суди томонидан ушбу шахсга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-3-моддаси 2-қисми ва 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди ва 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси, БҲМнинг бир баробари – 340 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Маълумот учун, тиланчилик билан шуғулланиш ёки вояга етмаган шахслардан бу йўлда фойдаланиш маъмурий жавобгарликдан ташқари жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлади.
Жумладан, Жиноят кодексининг 127-1-моддасига кўра, аэропорт, вокзал, хиёбон, истироҳат боғлари, бозор ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, кўчалар, стадион, бекат, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Вояга етмаган, кекса ёшдаги, руҳий касалликлари, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқаларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100-200 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1-3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар такроран содир этилса, 3-5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.