Бугунги кунда сунъий интеллект (SI) журналистика соҳаси учун инқилобий кучга айланмоқда. Мақола ёзишдан тортиб таҳлилий ҳисоботларга қадар технологиялар жараёнларни тезлаштирмоқда ва янгиликларни қайта шакллантирмоқда. Аммо журналистиканинг ўзи сунъий интеллект билан уйғунлашган ҳолда қандай ўзгаришлар билан дуч келмоқда ва бу янгилик истеъмолчилари учун нимани англатади?
Сунъий интеллектнинг журналистикага кириб келиши янгиликлар яратиш ва улардан фойдаланиш усулларини тубдан ўзгартирмоқда. Кўпгина йирик ахборот воситалари сунъий интеллектга асосланган тизимлар орқали реал вақт режимида янгиликлар ёзиш, таҳлил қилиш ва ҳатто мақолаларни тайёрлаш имкониятига эга бўлмоқда. Масалан, спорт, молия ва об-ҳаво бўйича тезкор маълумотлар яратишда SI алгоритмлари катта самарадорлик билан ишлайди.
Шу билан бирга, сунъий интеллект фойдаланувчиларнинг қизиқишлари ва кўриш одатларини ўрганиш орқали уларга мос ахборот оқимини шакллантиришда қўлланилмоқда. Натижада, ҳар бир ўқувчи ёки томошабин учун махсус тайёрланган, шахсийлаштирилган янгиликлар оқими тақдим этилади.
Бироқ, SI нинг журналистикадаги кенгайиши баъзи муаммоларни ҳам юзага келтиради. Мисол учун, автоматлаштирилган янгиликлар тизимлари холисликни сақлаш, инсоний сезгиларни акс эттириш ва таҳлили ёндашувларни етарлича таъминлашда муаммоларга дуч келиши мумкин. Шу билан бирга, анъанавий журналистлар ўрнини SI эгаллаши ҳақидаги хавотирлар ҳам мавжуд.
Келажакда сунъий интеллект журналистика билан интеграциялашган ҳолда иш фаолиятини давом эттириши кутилмоқда. Журналистлар SI воситаларини асосан ахборотни таҳлил қилиш ва маълумот йиғишда фойдаланишса-да, инсон омили ҳали ҳам ҳикоялар ва контекстуал тушуниш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб қолади.
Сунъий интеллектнинг журналистикага кириб келиши соҳага янги имкониятлар очиб берган бўлса-да, инсоний аралашувнинг зарурлиги ҳали ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки сунъий интеллект автоматлаштирилган хабарларни яратишда самарали бўлса-да, теран таҳлил, контекстуал ёндашув ва этика масалаларида инсон омилига таянган журналистиканинг ўзига хослигини тўла ўрнини боса олмайди.
Биринчидан, сунъий интеллект ўз-ўзидан мустақил фикрлай олмайди, у фақат мавжуд маълумотлар базасидан фойдаланади ва олдиндан белгиланган алгоритмларга асосланади. Бу эса янгиликларнинг холислиги ва ҳаққонийлиги борасида саволлар туғдиради. Алгоритмларнинг нотўғри созланиши ёки чекланган маълумотларга асосланган ишловлар нотўғри ёки бир ёқлама янгиликлар яратилишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, SI дан фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқлари, хабарларнинг ҳақиқатга мослиги каби масалаларда мураккабликларни юзага келтиради.
Иккинчидан, ахборотни шахсийлаштириш жараёни ҳам ўқувчиларга фойдали бўлса-да, уларнинг ахборот олиш доирасини чеклаши мумкин. Сунъий интеллект фойдаланувчи қизиқиши асосида ахборотни фильтрлаб берар экан, одамлар муҳим лекин ўзлари эътибор бермайдиган мавзулардан четда қолишлари мумкин. Бу эса ўқувчиларнинг дунёқараши ва билим доираси торайишига сабаб бўлиши мумкин.
Учинчидан, SI нинг кириб келиши журналистика соҳасида иш ўринларига ҳам таъсир ўтказмоқда. Кўплаб янгиликлар автоматлаштирилган тизимлар томонидан тайёрланар экан, кўпгина журналистлар ишсиз қолиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар мавжуд. Шу билан бирга, журналистиканинг технологик ривожланиши янги малакалар талаб қилишини ҳам англатади, яъни журналистлар технологик билимларга эга бўлиши ва SI билан ишлаш кўникмаларини ривожлантириши керак.
Шундай бўлса-да, сунъий интеллект ва журналистика ўртасидаги муносабат барқарор ривожланиб бориши кутилмоқда. Кўплаб мутахассислар журналистиканинг келажаги SI билан ҳамкорликда ривожланади, деб ҳисоблашмоқда. Бу эса, инсоний креативлик ва технологик самарадорликнинг биргаликда ишлашини талаб қилади. Янги даврда журналистлар сунъий интеллект воситаларини ёрдамчи сифатида кўриб, уларни мураккаб таҳлил ва инсониятни ўйлантирадиган, чуқур маъно касб этадиган материаллар яратишда қўллашлари мумкин.
Якунида айтиш мумкинки, сунъий интеллект журналистикада инқилобий ўзгаришлар қилаётган бўлса-да, журналистиканинг асосий мақсади — ҳаққонийлик, холислик ва инсоний нуқтаи назарни акс эттириш ҳали ҳам инсон қўлида қолади. SI технологияси журналистлар учун ёрдамчи восита сифатида хизмат қилиши керак, лекин журналистиканинг ҳақиқий кучи инсон фикри ва тафаккурида ётади.