Хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзининг “Zeekr X” автомобилини 195 км/соат тезликда бошқаргани ва йўлда телефондан фойдалангани учун жаримага тортилди.
Бу ҳақда Самарқанд ИИБ ЖХХ ЙХҲБ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент-Самарқанд йўлида автомобилини 195 км/соат тезликда бошқариб, йўл ҳаракати қоидасини бузган хонанда Жаҳонгир Отажоновга нисбатан Самарқанд вилояти Жамоат хавфсизлиги департаменти томонидан чора кўрилган.
Унга кўра, ҳайдовчи автомобилида Тошкент-Самарқанд йўлида 195 км/соат тезликкача чиққани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128/3-моддасига мувофиқ БҲМнинг 9 баравари (3 млн 375 минг сўм) миқдорида жаримага тортилди.
Шунингдек, кодекснинг 128/1-моддасига кўра, йўлда телефондан фойдаланиб ҳолатни видеога олгани учун эса БҲМнинг 3 баравари миқдорида (1 млн 125 минг сўм) жарима тайинланди.
Маълумот учун: куни кеча ижтимоий тармоқларда Жаҳонгир Отажонов ўзининг “Zeekr X” автомобилида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатлангани бўйича хабарлар тарқалганди.