Жисмоний шахсларнинг пилладан оладиган даромади солиқдан озод қилиниши мумкин

Мамлакатимизда ипакчилик соҳасини янада ривожлантириш, тутзорларни ташкил этиш ва ипак қуртини боқиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш бўйича тизимли механизмлар жорий этилган.

Жумладан, қишлоқ жойларида аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим тармоқлардан бири ҳисобланган мазкур соҳада 71 та пиллани қайта ишлаш ҳамда 11 та ипак қурти уруғчилиги корхоналари ва 16 та тутчилик хўжаликлари фаолияти йўлга қўйилган.  

Шунингдек, соҳада 108 мингта доимий ва 1,1 миллионта мавсумий ишчиларнинг бандлиги таъминланмоқда.

Яратилган имкониятлар билан бир қаторда пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш орқали соҳадаги бандликни ошириш, шунингдек, бозор механизмларини жорий қилиш ишларини жадаллаштириш масалалари долзарб ҳисобланади.

Шу мақсадда “Ўзбекистон Республикаси Cолиқ кодексининг 483-моддасига ипакчилик тармоғини янада ривожлантиришга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилган.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида мазкур қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Қонунда Солиқ кодексининг 483-моддасига тегишли қўшимча киритилиб, 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда жисмоний шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштириш (касаначилик) фаолиятидан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилиниши назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, пилла етиштирувчи юридик шахсларнинг уй шароитида тирик пилла етиштирувчи касаначилар меҳнатига ҳақ тўлашга йўналтириладиган маблағлари (бўшаган маблағларни касаначиларни моддий рағбатлантиришга йўналтириш шарти билан) ижтимоий солиқдан озод қилиниши таклиф этилмоқда.

Қонунда пилла етиштириш соҳасида озуқа базаси сифатида фойдаланиладиган тутзорлар билан банд бўлган ер участкалари учун ер солиғи халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари белгилаган солиқ ставкаларига нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилган ҳолда ҳисоблаб чиқарилиши белгиланмоқда.

Сенаторлар, экспертлар, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этган муҳокама якунида тегишли қарор қабул қилинди.