Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2023 йилда жами 69 та, 2024 йилда 26 та нодавлат олий таълим ташкилотлари фаолияти ўрганилди.
Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Ўрганиш натижасида аксарият нодавлат олий таълим ташкилотларини фаолиятида хато ва камчиликлар, қоидабузарликлар аниқланди.
Фаолияти вазирлик томонидан ўрганилган нодавлат олий таълим ташкилотларида аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича 1 ой муддат берилди.
Берилган муддатларда камчиликни бартараф этмаган нодавлат олий таълим ташкилотларининг лицензиясини бекор қилиш бўйича тегишли Судларга даво аризалари киритилди.
Жумладан, ўрганиш натижаларига асосан 2023 йилда 6 та, 2024 йилда 5 та нодавлат олий таълим ташкилотларини лицензиясини бекор қилиш бўйича тегишли Судларга даво аризалари киритилган.
Суд жараёнларида 2023 йилда жами 6 та ОЎЮнинг лицензияси бекор қилинди. 2024 йилда эса 1 та ОТМнинг лицензияси бекор қилинди. 4 та ҳолатда тегишли Судлар томонидан вазирлик киритган даво аризаларни қаноатлантирмасдан қолдирди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига лицензияси бекор қилинган таълим ташкилоти ёки ёпилган таълим дастурида таҳсил олаётган талабаларга ўқишини давлат ва нодавлат таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишлари ва мутахассисликларига белгиланган тартибда кўчириш ҳуқуқи берилган.
2023 йилда лицензияси суд тартибида бекор қилинган нодавлат олий таълим ташкилотларида таҳсил олган 8 мингга яқин талабаларнинг ўқиши белгиланган тартибда бошқа нодавлат олий таълим ташкилотларининг мос ва турдош таълим йўналишларига вазирлик томонидан кўчириб ўтказилди.
Лицензияси бекор қилинган нодавлат олий таълим ташкилотларининг барча талабалари аризаларига кўра бошқа олийгоҳларга ўқиши кўчирилган, бирорта талабанинг муаммоси ечимсиз қолмаган.