Суданлик 130 нафар аёл зўрланмаслик учун ўз жонига қасд қилди

Жабрланганлар 8 ёшдан 75 ёшгача бўлган қиз ва аёллардир.

Суданда 130 нафар аёл зўрлашлардан қутулиш учун ўз жонига қасд қилишди. Бу ҳақда Нигериянинг News Central телеканали эфирида ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳала Ал-Кариб хабар берди.

Телеканал сайтидаги нашрга «Коса» медиаси эътибор қаратди. Ал-Карибнинг айтишича, бу фақат маълум бўлган ҳолатлар бўлиб, аёлларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари аслида анча кўп рақамларни ташкил қилади.

Судан ҳақидаги жинсий зўравонликлар тўғрисида БМТ миссияси ҳам хабар бериб, унинг кўламини «лоқайд қолдирмаслик даражасида» деб баҳоламоқда. БМТ мисолида жамоавий зўрлашлар, жинсий қуллик ва мажбурий никоҳлар келтирилган. Жабрланганлар 8 ёшдан 75 ёшгача бўлган қиз ва аёллардир.

Ҳуқуқ ҳимоячилари бу каби жиноятларнинг аксарияти учун масъулиятни Суданнинг тезкор жавоб кучлари жангчиларига юклашмоқда.

2023 йилда улар билан Судан Қуролли Кучлари ўртасида қуролли тўқнашув бошланган бўлиб, натижада 14 миллион киши қочқин бўлган.

Уруш бошланганидан бери мамлакатда фуқаролар ўлими, очарчилик ва касалликлар кўпайди.

«Ҳозир Суданда хавфсиз жой йўқ», — деди тергов комиссияси раиси Муҳаммад Чанде Отман.