Испаниядаги тошқинларда қурбон бўлганлар сони 223 кишига етди

Испаниядаги тошқинлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 223 кишига етди, бедарак йўқолганлар сони эса 78 кишини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Испания транспорт вазири Оскар Пуэнте ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Ҳалок бўлганларнинг аксарияти мамлакатнинг шарқида жойлашган Валенсия автоном жамоасига тўғри келмоқда — 215 киши, Кастилия-Ла-Манча ҳудудида етти киши, Андалусияда эса бир киши. Ҳалок бўлганлардан 48 нафарининг шахси ҳанузгача аниқланмаган. Аввалроқ, 219 қурбон ва 93 бедарак йўқолганлар ҳақида хабар берилган эди.

29 октябрь куни кучли ёмғирлар Испаниянинг бир қанча минтақаларида тошқинларни келтириб чиқарди. Хусусан, мамлакатнинг жанубий ва шарқий ҳудудлари жуда кўп жабр кўрган. Катта сув тошқини оқибатида 4 100 гектар ер майдони, 3 906 бино, шунингдек, 60 мингдан ортиқ аҳоли, 15,2 км темир йўл ва 531,6 км автомобиль йўллари зарар кўрган.