Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий Коммуникациялар Университетида “Эколог” жамоат бирлашмаси ҳамда Қирғизистон Республикасининг “Мове Греэн” жамоат бирлашмаси томонидан “Ёшлар учун иқлим таълими: Барқарор келажак сари қадамлар” лойиҳаси доирасида икки кунлик ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир ёш авлодни иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит ифлосланишининг инсон саломатлигига таъсири ҳақида хабардор қилиш, ҳамда уларнинг экологик билимларини ошириш мақсадида ташкил этилди.
Семинарнинг биринчи кунида талабалар “Глобал иқлим ўзгариши нима?”, “Оммавий ахборот воситаларида иқлим ўзгариши масалалари қандай ёритилади?”, “Углерод изи нима?” каби долзарб саволларга экспертлар Феруз Сайфуллаев, Форима Чориева ва экожурналист Наргис Қосимовадан жавоб олишди.
Тақдимотлар ва ўқув машғулотлари иштирокчиларга иқлим ўзгариши жараёнлари ҳамда унинг глобал миқёсдаги оқибатлари ҳақида чуқур тушунча берди.
Иккинчи куни эса “Иқлим ўзгаришига мослашиш масалалари” бўйича халқаро тажриба билан ўртоқлашиш мақсадида халқаро эксперт Наталя Идрисова иштирок этиб, ўз тажрибаларини баҳам кўрди. У миллий ва халқаро даражадаги тажрибаларни ўрганиш орқали иштирокчиларга иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича муҳим стратегиялар ва ташаббуслар ҳақида маълумот берди.
Семинар муваффақиятли якунланди ва барча қатнашчилар ташкилий жамоа томонидан сертификатлар билан тақдирландилар.
Ушбу семинар орқали ёш журналистлар иқлим ўзгариши масалаларини ёритишдаги муҳим жиҳатларни билиб олишди.