Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бошқарма бошлиғи Дадахонов Фазлидинхон Махамадихонович бугун, 30-ноябрь куни 40-ёшида вафот этди.
Фазлидинхон Маҳамадихонович ёш бўлишига қарамай, меҳнатсеварлиги, хушмуомалалиги ва ҳамкасбларига доимо ёрдам беришга тайёрлиги туфайли вазирлик ходимлари орасида обрў-эътибор ва ҳурматга сазовор бўлди.
Масъулиятли раҳбар Фазлидинхон Маҳамадихонович ўз ишига фидойи бўлган ҳақиқий касб эгаси сифатида ёрқин из қолдирди. 2008-йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирликларида турли лавозимларда ишлаб келди.
Бу ажойиб инсон қайси лавозимда ишламасин, доим ўзининг табассуми, қарорлар қабул қила олиши, одамларни янги лойиҳалар ва инновацион ғоялар атрофида бирлаштира олиши, фаол ҳаётий позицияси билан ажралиб турарди.
Бу ажойиб инсоннинг ёрқин хотираси унинг оиласи, ҳамкасблари ва дўстлари қалбида ҳамиша сақланиб қолади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.