Давлат қабул комиссиясининг тегишли баёни билан 2024/2025 ўқув йилида олий таълим муассасаларининг қуйидаги бакалавриат ҳамда магистратура талабалари учун базавий ва табақалаштирилган тўлов-контрактнинг бир йиллик ўқитиш қийматидан 50 фоизи миқдоридаги тўловларни амалга ошириш ва талабалар сафига қабул қилишни расмийлаштиришнинг сўнгги муддати 2024 йил 31 декабри (шу куни ҳам) этиб белгиланди:
тўлов-контракт жумладан, табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриентлар (1-курслар);
ўқиши кўчирилган (кўчириб тикланган) ва қайта тиклаган талабалар;
Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта-махсус ва профессионал таълим муассасаларини тамомлаган ёшлар учун ажратилган қўшимча қабул квоталарига талабаликка тавсия этилган абитуриентлар.
Маълумот учун, бу 2024/2025 ўқув йилида қабул қилинган абитуриентлар учунгина амал қилади. Амалдаги тартибга кўра, иккинчи ва ундан юқори босқич талабалар контрактини тўлаш муддати ОТМ раҳбари томонидан узайтирилиши мумкин.