Украинага қарши Россия томонида жанг қилган 22 ёшли ўзбекистонлик 5 йилга қамалди

21 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Қўштепа туман суди Украинага қарши Россия томонида жанг қилган 22 ёшли Ўзбекистон фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарди.

Айблов хулосасига кўра, А.Х. 2022 йил 30 ноябрь куни Россияга хусусий олий таълим муассасаларидан бирига ўқиш учун борган. Ўқиш даврида моддий манфаатдорлик эвазига келгусида Россия Қуролли кучлари сафида туриб, Украинага қарши жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун шартнома тузган, дейилади суд қарорида.

Хусусан, 2023 йил 23 августда у Қуролли кучлар билан ойига 350−400 минг рубль ҳақ олиш эвазига йиллик шартнома тузган. Шу тариқа 2023 йил 13 октябрдан 2024 йил февралигача Украинанинг Луганск ва Донецк вилоятларидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Судланувчи ўз кўрсатмасида ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, 2021 йил сентябрь ойида Москвадаги «Синэнергия» хусусий университетига ўқишга кирганини ва ўқиш даврида мавсумий ишларда ишлаганини билдирган.

2023 йилнинг ёз ойларида у ҳужжатлар йўқлиги сабабли Москвада полиция томонидан ушланган, шундан сўнг унга танлов таклиф қилинган: жиноий иш қўзғатилган ҳолда депортация ёки Россия фуқаролигини ваъда қилиб армия сафига қўшилиш. У ихтиёрий равишда иккинчи вариантни танлаган ва чақирув қоғозини олган.

2023 йил 17 августда у «Яблочко» чақирув пунктига борган ва Россия Қуролли кучлари билан бир йиллик шартнома тузган. У 195 минг рубль (2000 доллардан сал кўпроқ / 24,3 млн сўм) маош олган, бу миқдор жанговар топшириқларни бажаришига қараб 350−400 минг рублга (3620−4136 доллар) ошган.

Йигит Самара вилоятининг Тольятти шаҳрида бир ярим ойлик ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, ҳарбий гувоҳнома олган ва кейин бошқа шахслар билан бирга автобусда Ростов вилоятига — Россия-Украина чегарасидаги лагерга жўнаб кетган.

2023 йил 13 октябрда у Луганскга юборилган ва у ерда тўрт ой давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашган. 10 февраль куни йигит Украинанинг Донецк вилоятига борган ва у ерда жанговар ҳаракатлар пайтида яраланган.

2024 йилнинг 26 февралига қадар у Донецкдаги касалхонада даволанган, кейин эса Самара вилоятига қайтган.

Йигит май ойида таътилда бўлган, сўнгра базага қайтиб борган ва 30 июнгача ўша ерда қолган. 1 июль куни эса у Тольятти шаҳри яқинидаги дала машғулотларига юборилган.

Ҳарбий ҳаракатларда қатнашганлик учун олинган маблағга у Тольятти шаҳридан машина ва ипотекага хонадон сотиб олган, ҳарбий ҳаракатлардаги иштироки учун медаль билан тақдирланган ва Россия фуқаролигини олган.

У 14 сентябрь куни тахминан соат 08:00 да автомашинани ўз номига қайта расмийлаштириш учун ҳарбий қисм ҳудудидан яширинча чиқиб кетган ва Тольятти йўл-патрул хизматига борган. Бу вақтда унга Андрей исмли қўмондон қўнғироқ қилиб, уни ҳақратомуз сўзлар билан ҳақоратлаган.

Йигит қўмондоннинг ҳақоратлари ва узоқ муддатли ҳарбий хизматни тарк этиш истаги туфайли шартномани бекор қилиб, Ўзбекистонга қайтишга қарор қилган.

Шу куни соат тахминан 17:00 ларда у такси хизмати билан шуғулланувчи Файзулло исмли таниши билан Haval русумли автомашинада Самара вилояти чегарасида жойлашган Қозоғистон чегара постига етиб борган.

Улар чегарани кесиб ўтиб, икки кун (14−16 сентябрь) Қозоғистон ҳудуди орқали ҳаракатланишган, 16 сентябрь куни тахминан соат 17:30да Ўзбекистондаги «Ғишт-кўприк» чегара-божхона постига етиб келишган.

Чегара ўтказиш пунктида автомобилни чегарадан олиб ўтишнинг имкони бўлмагани учун у машинани Қозоғистондаги пуллик тўхташ жойига қолдириб, Ўзбекистон чегарасини пиёда кесиб ўтган.

Суд жараёнида у оғир молиявий аҳволи туфайли урушга қўшилганини, ўша пайтда онаси саратон касаллигига чалинганини ва унинг даволаниши ва операцияси учун зудлик билан пул керак бўлганини айтган.

Судланувчи қилмишидан пушаймонлигини билдириб, айбига тўлиқ иқрор бўлган ҳамда суддан унинг оғир оилавий аҳволини инобатга олиб нисбатан енгилроқ жазо тайинлашни сўраган.

Судья Мўминмирзо Сидиқов А.Х.ни Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисми (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Бироқ жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниб, шартли 3 йил синов муддати белгиланди.

Синов муддати давомида маҳкум зиммасига қуйидаги мажбуриятлар юкланади:

ишга жойлашиш;
яшаш ёки иш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақида Қўштепа туман ИИБга хабар бериш;
ҳар ойнинг 15 ва 25-саналарида Қўштепа туман ИИБда рўйхатдан ўтиш;
турли кўнгилочар жойларда бўлмаслик;
соат 21:00 дан 07:00 гача уйда қолиш.