Ўзбекистон технологик металлар соҳаси кенг ривожланади

Ўзбекистонда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва таълим тизимини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида янги босқич бошланди. 2024 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати АҚШнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири – Колорадо конлар мактаби билан узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйди.

Ушбу ҳамкорлик доирасида инновацион лойиҳалар, таълим дастурларини такомиллаштириш, халқаро тажриба алмашинуви ва илмий тадқиқотлар бўйича бир қатор ташаббуслар амалга оширилади. Ҳар йили 10 дан ортиқ талабалар ва мутахассислар Колорадо конлар мактабида амалиёт ўтаб, илғор билим ва кўникмаларга эга бўлишади.

Шунингдек, ёш мутахассисларнинг стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, замонавий лабораториялар ташкил этиш ва юқори иқтидорли талабалар учун махсус стипендия дастурлари жорий этиш режалаштирилган.

Икки ташкилотнинг ҳамкорлиги асосида Технологик металлар олий мактаби ташкил этилади. Унда таълим ва тадқиқот жараёнлари халқаро стандартларга мувофиқ йўлга қўйилиб, ҳар йили 50-70 нафар юқори малакали мутахассислар тайёрланади. Бундан ташқари, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари орқали мутахассислар соҳанинг энг сўнгги тенденциялари ва технологиялари билан танишиш имконига эга бўладилар.

Колорадо конлар мактаби вакили Кадри Дэгдилен Ўзбекистоннинг табиий ресурслари ва уларни инновацион ривожлантириш борасидаги салоҳиятини юқори баҳолаб, мазкур ташаббуслар халқаро ҳамжамият учун янги имкониятлар эшигини очишини таъкидлади.

Бу ҳамкорлик нафақат Ўзбекистоннинг металлургия ва иқтисодий ривожланишига, балки илмий-инновацион тадқиқотларда ҳам етакчи мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилади.