2025 йилдан мобиль алоқа учун 10%лик акциз солиғи бекор қилинди. 2020 йилгача бу солиқ 20% эди, кейин 15%га, кейин 10%га туширишди ва жорий йилдан бу солиқ умуман олиб ташланди. Майли, мобиль алоқа учун акциз солиғининг бекор қилиниши кимларнинг лоббиси ва қандай манфаатлар йиғиндиси эканини айтиб ўтирмаймиз. Нима бўлгандаям, Ўзбекистон бюджети камида 1,2 трлн.сўмга яқин даромаддан қуруқ қолди. Шартли айтганда камида 50та мактаб қурилмайди. Оналар суюнчи пули олмайди.
Хўп, акциз солиғи бекор қилингани эвазига ўзбекистонликлар нима олишмоқда? Тарифлар арзонлашдими? Ëки ўсишдан тўхтадими? Йўқ-да.
Янги йилнинг биринчи ойидан бошлаб мобиль алоқа компаниялари бирин-кетин тарифларини ошириб олишни бошлашди. Тарифларни ошириб олиш методичкаси ўзгармаган: Сиз барибир барибир ишлатмайдиган ёки ишлатишга улгурмайдиган смс, интернет пакет ё минутни кўпайтирган бўлиб, тарифларни оширилади ва гўёки яна сизга ғамхўрлик қилиб кўратишади буни.
Энг қизиғи, бу ишлар олдинма кетин қилиниб, гўёки келишиб олинмагандек. Лекин ҳаракатлар мазмунидан келиб чиқилса, бу қип-қизил тил бириктириш.
Афсуски, Рақобат қўмитаси яширинча нарх ошириш ҳисобланган бу «меҳрибончиликларга» панжа орасидан қараб келмоқда. Уяли алоқа компаниялари шунақа даражадамики масалан, қозоқ қардошлардагидан фарқли равишда ҳали уларга қарши бирон марта жиддий огоҳлантириш ҳам берилмаган.
Шу пайтгача бутун бошлиқ соҳаларга (уларнинг аксарида монополистлар ва олигархлар лоббиси бор) солиқларнинг пасайтирилгани, масалан иқтисодий блок ёки стратегик блок тарафидан тафтиш қилинмаган.
Айтайлик, нефть ва газ конлари бўйича солиқлар каррасига пасайтирилганидан биз ўзбекистонликлар нима олдик? Бюджет триллионлаб даромадларни йўқотди. Олигархлар самолет олди, ўртамчи кимлардир сарой қурди. Эвазига халққа нима бўлди? Навбатлар ва тақчиллик, доимий энергокулфатми? Бизнес учун мажбурий узилишларми? Ë шимолга қарамликними? Шумиди солиқларни пасайтириб беришдан мақсад?
Ëки севимли цементчилар учун солиқларни 4 карра пасайтирилиши бизга нима берди? Нархлар пасайиб қолдими? Экспорт ошдими? Сувимиз, тупроғимиз, генофондимизни бузиш тўхтадими? Ҳавомиз тозароқ бўп қолдими ҳеч қурса?