ЎзТМК Буюк Британия компанияси билан СИ бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади

Саудия Арабистонида бўлиб ўтган “Future Minerals Forum 2025” дунё тоғ-кон саноати ва металлургия соҳасида муҳим воқеалардан бири бўлди. Форум давомида 100 дан ортиқ давлатлардан келган мутахассислар, саноат етакчилари ва сиёсатчилар иштирокида минерал ресурслар ва металл саноатини ривожлантиришга бағишланган кенг қамровли учрашувлар ташкил этилди.


Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ЎзТМК) делегацияси форумда фаол иштирок этиб, InfraVia, Toronto Stock Exchange, Trafigura, Beacon, Ximei Resources, Traxys ва шу каби халқаро миқёсдаги 50 га яқин йирик компаниялар билан музокаралар олиб бориб, истиқболли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди.



Қолаверса, конференция давомида ЎзТМК вакиллари тоғ-кон саноати учун сунъий интеллектга ихтисослашган “Intellisense.io” етакчи компанияси билан меморандум имзолашга эришди. Бу сунъий интеллектни технологик металлар соҳаси ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш бўйича мамлакатимизда муҳим ўзгаришларни бошлаб беришдаги муҳим қадамлардан биридир. Ушбу келишув минерал ресурсларни қидириш ва қазиб олиш жараёнларини янада аниқроқ ва самарали қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш учун самарали мониторинг тизимларини жорий қилишга кўмак беради.

“Ўзбекистон биз учун алоҳида қизиқиш уйғотадиган стратегик ҳудуд. Ушбу мамлакатнинг изчил тараққиёти, тоғ-кон саноатидаги улкан салоҳияти эътирофга лойиқ. Ўзбекистон Технологик Металлар Комбинати билан имзоланган шериклик шартномаси ҳам бизнинг ушбу соҳада ҳамкорликка бўлган ишончимизни яна бир бор тасдиқлайди ва бу қадамни биргаликдаги муваффақиятларнинг бошланиши сифатида баҳолаймиз”, – деди “Intellisense.io” компаниясининг асосчиси ва бош директори Сем Боз.

Шунингдек, комбинат вакиллари Марказий Осиё етакчилари учун “EIT RawMaterials” ҳудудлараро маркази томонидан ташкил этилган давра суҳбатида ҳам иштирок этди. Унда тоғ-кон саноати, қайта тикланадиган энергия манбалари, инфратузилмани интеграциялаш ҳамда шу каби қатор масалалар кўриб чиқилди.

2024 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон технологик металлар комбинати тоғ-кон ва технологик металлар соҳасини ривожлантириш йўлида халқаро даражадаги йирик компаниялар билан муваффақиятли ҳамкорликни кенгайтиришни давом эттиради.