Туркия курортидаги ёнғинда камида 10 киши ҳалок бўлган

Туркиянинг Карталкая тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхонада содир бўлган ёнғин оқибатида камида 10 киши ҳалок бўлиб, 30 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ёнғин сешанба куни кечқурун меҳмонхона ресторанида содир бўлган. 

Ҳалок бўлганларнинг икки нафари ваҳима ичида бинодан сакраб вафот этган.

Фожиа вақтида меҳмонхонада 234 нафар меҳмон бўлган. Ёнғин сабаблари номаълум, аммо ёнғин тарқалишига ёғоч қопламалар сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Карталкая – Истанбулдан тахминан 300 километр шарқда, Кўрўғли тоғларидаги машҳур чанғи курорти саналади. Ёнғин мактаб таътиллари вақтида, минтақадаги меҳмонхоналар тўлган вақтда содир бўлган.

Бошқа курорт меҳмонхоналаридаги дам олувчилар эҳтиёт чораси сифатида эвакуация қилинган.