Ўзбекистонда камбағаллик даражаси ойига 669 минг сўм деб эълон қилинди

Ўзбекистонда бир кишининг бир ойлик минимал истеъмол харажатлари 669 минг сўм деб эълон қилинди ва бир кишилик харажат шундан ошадиган оилалар расман камбағал деб ҳисобланмайди. Бу ҳақда бугун, 4 февраль куни Статистика агентлиги томонидан эълон қилинган “Минимал истеъмол харажатлари қиймати тўғрисида”ги ҳисоботда келтирилган.

Унга кўра, 2024 йил декабрь ойида май ойига нисбатан ҳисобланган истеъмол нархлари индексидан келиб чиқиб, 2025 йил учун ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари қиймати бир ойда киши бошига 669 минг сўмни ташкил этди (2024 йил 1 майда эълон қилинган қиймат 648 сўмни ташкил этган).

Минимал истеъмол харажатлари қийматини ҳисоблаш тартибига асосан, келгуси йил учун минимал истеъмол харажатлари озиқ-овқат, ноозиқ-овқат, маҳсулотлари ва хизматлар нархлари даражасидан келиб чиқиб, индексация қилиб борилади.

Жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:

давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.