Қозоғистонда келин ўғирлаганлар 5 йилга қамалиши мумкин

Қозоғистонда келин ўғирлаганлар беш йилга қамалиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 5 февраль куни парламент мажлиси чоғида депутат Мурат Абенов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, энди одам ўғирлаш учун жиноий жавобгарлик белгиланади. Қайд этилишича, таклиф ҳозирда Жиноят, Жиноят-ижроия ва Жиноят-процессуал кодексларини оптималлаштириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилмоқда. Янги моддада вазиятга қараб турли жазо чоралари (жарима, жамоат ишлари ва қамоқ) кўзда тутилган.

“Агар бу бир гуруҳ шахслар томонидан вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса ва бирор зарар етказилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”, деган депутат.

Унинг қўшимча қилишича, келин ўғирлаш баъзан “урф-одат” сифатида ниқобланади, лекин аслида бундай эмас.

“Аслида бизда бундай анъаналар йўқ эди. Қизнинг ўзи турмушга чиқмоқчи бўлса, ота-онаси рози бўлмаса, қиз қочиб кетади. Ота-онасининг моддий имконияти бўлмаганида, у қочиб, ўзи турмушга чиқиши мумкин эди. Қозоқларда ҳеч қачон қабиладан қиз ўғирлаш одат бўлмаган. Бу ҳар доим оғир жиноят бўлиб келган”, дея қўшимча қилган у.

Маълумот учун, ҳозирда Қозоғистон жиноий қонунчилигида келин ўғирлаш бўйича алоҳида модда йўқ. Республикада бундай ишлар бўйича айбланувчилар одатда одам ўғирлаш моддаси бўйича судланади. Бу моддада 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган, аммо унда ўғирланган шахсни ўз ихтиёри билан озод қилган шахс, агар унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жавобгарликка тортилмайди деган банд бор.