Рафиқаси Салтанат Нукенованинг ваҳшийларча ўлдирилишида айбдор деб топилиб, 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўзи жазо ўтаётган колония маъмуриятини судга берди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Маълум қилинишича, маҳкум муассаса томонидан рағбатлантирилмаётгани сабаб судга ариза билан мурожаат қилган.
Нашрга кўра, жазони ўташ тартиби бузилган тақдирда, рағбатлантириш чоралари қўлланилмайди. Бишимбаев эса ушбу тартибни бир маротаба бузган.
“Мазкур маҳкумнинг битта қоидабузарлиги борлиги ҳисобга олиниб, унга нисбатан рағбатлантириш чораси қўлланилмаган. Суд маҳкумнинг даъвосини қаноатлантирмади”, дейилади хабарда.
Бишимбаев иши
2023 йилнинг 9 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукенова тан жароҳати олиб, Остонадаги ресторанлардан бирида вафот этди. Суд жараёни очиқ режимда ўтди ва Қозоғистон Республикаси Олий судининг YouTube-каналида онлайн транслясия қилиб борилди. Суд жараёнида ҳакамлар ҳайъати иштирок этди. Май ойи ўрталарида Салтанат Нукеновани ўлдириш ва қийноқлар қўллашда айбланиб, Куандик Бишимбаев 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. май куни Куандик Бишимбаев иши бўйича апелляция шикояти берилган. 11 июнь куни апелляция шикояти Остона судига топширилди. 2024 йил 26 июнь куни Остона суди суд ҳайъати томонидан Куандик Бишимбаев ва Бахитжан Байжановнинг апелляцияси бўйича қабул қилинган қарорни эълон қилди. Ҳар икки маҳкумга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Куандик Бишимбаевнинг жазони ўзига тайинланган жойда ўтамаётгани, балки бутунлай қочиб кетгани ҳақида тарқалган хабарларга Жиноий жазоларни ижро этиш тизими қўмитаси муносабат билдирганди. Собиқ вазирнинг “ғойиб бўлиши” ҳақида AIRAN журналистлари хабар берганди. Улар суддан сўнг Бишимбаев Аршали қишлоғи яқинидаги колонияга жўнатилиши керак бўлганини айтган. Телеканалнинг суратга олиш гуруҳи колонияда ҳукм қилинган шахс борлигини текширишга борган, аммо уни топа олмаган.
Шу заҳоти ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилиб, собиқ амалдор гўё узоқ вақт озодликда, энг ёмони эса – айни пайтда хориждалиги ҳақида тахминлар пайдо бўлган. Бироқ жазони ижро этиш хизмати Бишимбаевнинг қочгани ҳақидаги маълумотни дарҳол инкор этганди.