Ўзбекистонликлар қандай жиноятларни кўп содир этяпти?

2024 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 77 995 нафар шахсга нисбатан 61 481 та жиноят иши кўриб чиқилди. 20 659 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 39 763 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. Бу ҳақда Олий суд маълум қилди.

Билдирилишича, судланган шахслар сони 61 502 нафарни ташкил этиб, шундан 20 659 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 39 763 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган, 1 080 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. Судланган шахсларнинг 54 370 нафари эркак, 7 132 нафари аёл, 22 757 нафари ёшлар (шу жумладан 2 214 нафари вояга етмаган) ва 2 637 нафари 60 ёшдан ошган шахслар.

Шунингдек, 7 956 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залида қамоқдан озод қилинган, 33 151 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган, 11 581 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилган ва 14 991 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланган ёки қайта малакаланган.

Бундан ташқари, 723 нафар шахс оқланиб, реабилитация қилинди. 124 нафар шахсга (ёшлар, аёллар ва бошқалар) кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

33 146 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 11 581 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.

Ҳисобот даврида кўрилган жиноят ишларнинг аксариятини

фирибгарлик,
транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш,
ўғрилик,
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар,
ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш,
ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш,
қасддан баданга енгил шикаст етказиш,
безорилик,
қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш,
гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш билан боғлиқ жиноятлар ташкил этади.
Қайд этилишича, ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 13 434 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилган.

Апелляция тартибида 11 992 нафар шахсга нисбатан 8 740 та жиноят иши кўриб чиқилган. 482 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 2 598 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Кассация тартибида 4 497 нафар шахсга нисбатан 4 025 та жиноят иши кўриб чиқилган. 322 нафар шахсга нисбатан биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 1 001 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Тафтиш тартибида 5 993 нафар шахсга нисбатан 5 048 та жиноят иши кўриб чиқилди. 172 нафар шахсга нисбатан қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 700 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 1 269 нафар шахсга нисбатан 1 103 та жиноят иши кўриб чиқилган. 163 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилиниб, 281 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий суд Ўзбекистонда 2024 йилда иқтисодий судлар томонидан 390 та қарор бекор қилиниб, 253 таси ўзгартирилгани хабар қилинганди. Бундан ташқари, ўтган йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 436 102 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилган ва шундан даъвогарлар фойдасига 27,5 триллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган.