Ваҳима кўтаришга асос йўқ”. Бош вазир матбуот котиби ижтимоий тармоқлардаги хитойликлар билан боғлиқ хабарларга изоҳ берди

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда хитойликлар кўпайиб кетаётгани ҳақида турли хабарларлар ҳар хил кўринишда талқин қилинмоқда. Баъзи ахборотларда гўёки Ўзбекистон ерлари Хитойга ўтиб кетаётгани ҳақида ҳам маълумотлар келтирилади. Ана шу хабарларни тармоқлар орқали кенг аудиторияга тарқатаётганлар ҳатто мазкур жараёнда Ўзбекистон ҳукуматини ҳаракатсизликда ва чорасизликда ҳам айблашмоқда.

Мазкур хабарлар юзасидан ҳукуматнинг муносабатини билиш мақсадида Platina.uz Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов билан боғланиб, изоҳ олган (https://platina.uz/caf66d).

“Ҳозир бутун дунёда инвестицияларнинг кўчиши кузатилмоқда. Президентимиз саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда иқтисодиёт ривожланяпти. Очиқ ва прагматик сиёсат олиб бориляпти. Мамлакатга кўплаб сармоядорлар кириб келмоқда. Албатта, бу ривожланаётган давлат учун нормал жараён.

Қолаверса, мамлакатимизга нафақат Хитой, балки бошқа давлатлардан, масалан, Германия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Саудия Арабистони, Малайзия кабилардан ҳам кўплаб инвесторлар ҳамда тадбиркорлар келиб, фаолият юритмоқда.

Шу жумладан, ўзбекистонлик тадбиркорлар ёки мигрантлар турли давлатларда, хусусан, Хитойда ҳам фаолият юритмоқда. Ҳозир дунёнинг исталган мамлакатида ўзбек маҳаллаларидан тортиб, ўзбек тилида ёзилган номлари магазин ва миллий ошхоналаригача топиш мумкин.

Хитой масаласига келсак, аҳоли сони бўйича дунёда етакчи, ҳатто Ғарбий Европа, Шимолий Америкада катта диаспоралар бор. Лекин ҳеч ким уларнинг хавфи борлиги тўғрисида гапирмайди. Шундай экан бу борада ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Бу ҳуддики марказлашган ҳолда учинчи томоннинг манфаати билан бошқарилаётган манипуляцион компанияга ўхшайди. Шунинг учун юртдошларимиздан провокаторларнинг турли манипуляцияларига ишонмасликни сўраймиз.

Хитой Ўзбекистоннинг тарихий ва яқин ҳамкори ҳамда стратегик шеригидир. У бизнинг ҳудудий яхлитлигимиз ва суверенитетимизни ҳурмат қилади ҳамда қатъий қўллаб-қувватлайди. Ҳатто бу бўйича алоҳида шартнома ҳам имзоланган. Яъни, бундан ваҳима кўтаришга асос йўқ.

Яна бир мисол: Ўзбекистонда таҳсил олаётган талабалар орасида ҳиндистонликлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Бугунги кунда, агар адашмасам, олти минг нафардан зиёд ҳиндистонлик айнан Ўзбекистон ОТМларида таҳсил олмоқда. Лекин бу дегани Ўзбекистонни ҳиндлар эгаллаб олади, дегани эмас-ку!

Қайтараман, Ўзбекистон аввалгидек ёпиқ давлат эмас. Одамлардан бироз тоқатли бўлишни, турли хил ёлғон ёки провокацион ахборотларга учмасликни сўраймиз”, деди Бекзод Ҳидоятов.