Қашқадарёда 103 туп кўктол дарахти кесиб ташланди

Ҳолат бўйича, вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида текширув ўтказилди.

Бош прокуратуранинг хабар беришича, ўтказилган текширувларда Кўкдала тумани “Шўрқудуқ“ маҳалласи ҳудудидаги ер майдонида фуқаро Н.Оқмирзаев томонидан якка қатор қилиб экилган 103 туп “Кўктол” дарахтлари ноқонуний равишда бутунлай кесилганлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговни ташкиллаштириш учун туман ИИБга юборилган.

Шунингдек, ҳолат Бош прокуратура томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Кўкдала тумани “Айритом“ маҳалласида 2024 йилнинг декабрь ойида 30 дан ортиқ қоратол дарахтлари ноқонуний кесилганлиги ҳақида хабар эълон қилинганди.