Бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг! — Бош консулхона 

Истанбул аэропортида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси номаълум шахс илтимосига биноан юк олиб ўтиши оқибатида 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Чегарада текширув вақтида юк ичидан катта миқдорда наркотик моддалар топилди. 

Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ўзбекистон фуқароларини аэропортларда текширилмаган ва бегона юкларни олишдан қаттиқ огоҳлантириди. 

Қайд этилишича, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар давомида айрим шахслар аэропортларда ўз юкларини Ўзбекистонга етказиб беришни илтимос қилиши мумкин. Улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) ишонтиришга ҳаракат қилади. 

«Бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг! 

Ўтган йилларда бир неча Ўзбекистон фуқаролари айнан шундай вазиятларга тушиб қолган ва ноқонуний юкларни, жумладан, наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтгани учун ҳибсга олинган: 

2023 йил – Истанбул аэропортида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси номаълум шахснинг илтимосига биноан юкни олиб ўтишга рози бўлди. Бироқ чегарада текширув вақтида юк ичидан катта миқдорда наркотик моддалар топилди. Натижада, у 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 

2022 йил – Анталия шаҳридан Тошкентга қайтаётган яна бир фуқаро ўзига нотаниш кишининг юкини олиб ўтишга рози бўлди. Юк таркибида сохта паспорт ва ноқонуний ҳужжатлар борлиги аниқланиб, фуқаро бир неча йилга озодликдан маҳрум этилди», — дейилади хабарномада.