Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкасини кўриб чиқиш бўйича 2025 йил 13 мартга белгиланган бошқарув йиғилиши санасини кўчириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Февраль якуни бўйича мамлакатнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва савдо ҳамкорлар иқтисодиёти бўйича маълумотлар мартнинг иккинчи ярмида эълон қилинишини ҳамда ишлаб чиқилаётган макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларда бу янгиланган кўрсаткичлар асос бўлишини инобатга олиб йиғилиш 20 мартга кўчирилган.
Марказий банк бошқарувининг сўнгги йиғилиши 23 январда ўтказилган бўлиб, унда асосий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинганди. 2024 йилнинг июль ойида Марказий банк инфляция хавфи пасайиши фонида асосий ставкани йиллик 13,5 фоизгача пасайтиришга қарор қилган. Ўшанда асосий ставка етти йил ичида биринчи марта 14 фоиздан пастга тушганди.