Ўқитувчиларга 1 октябрь муносабати билан бериладиган мукофот пули ошди

Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 30 сентябрдаги қарорига ўзгартириш киритилди.

Ҳужжатга биноан, умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан, раҳбар ходимлари фақат 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача миқдорида (866 250 сўм) мукофотланиши мумкин.

Бу 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб кучга киради.  Мукофот миқдори умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасининг амалдаги молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, унинг мавжуд маблағлари доирасида белгиланади.

Бунгача ўқитувчилар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача (577 500 сўм) миқдорида мукофот олган.