Концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш босқичма-босқич чекланади

2025 йил 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Концерт-томоша фаолиятида жонли ижрони янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 207-сонли қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорда белгиланишича, 2025 йил 1 майдан бошлаб:

Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган барча концерт-томоша тадбирларида фонограммадан фойдаланиш тартиби босқичма-босқич чеклаб борилади.

Барча рекламаларда концерт дастурининг ижро шакли аниқ кўрсатилиши шарт қилинади. Рекламада “Жонли ижро”, “Фонограммадан фойдаланган ҳолда жонли овоз” ёки “Фонограммали концерт дастури” каби белгилар бўлиши талаб этилади.

Маданият вазирлиги томонидан давлат мукофотларига номзодлар танлашда (жумладан, “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти”, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон Республикаси халқ ҳофизи” каби) ижодкорнинг жонли ижро этиш қобилияти асосий мезон сифатида инобатга олинади.

Шунингдек, 2025 йил 1 июлдан:

Жонли ижрода ташкил этилган концерт-томоша тадбирларини Ўзбекистон Миллий телерадиокампанияси (МТРК) тизимидаги телерадиоканалларда реклама қилиш учун тадбир ташкилотчиларига 30 фоизлик чегирма берилади.

Жонли ижро ёки фонограммадан қисман фойдаланилган ҳолда ўтказилган концертлар МТРК тизимидаги телерадиоканалларда тегишли бадиий кенгаш хулосаси асосида бепул эфирга узатилади.

Ҳар чоракда мамлакатнинг барча ҳудудларида “Жонли ижро ҳафталиги” ўтказилиши режалаштирилган.