Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида турли йўналишларда бир қанча янги бизнес шартномалари тузилди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, вазир Лазиз Қудратов бошчилигидаги Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги делегацияси АҚШда бўлиб, йирик компаниялар, корпорациялар ва саноат бирлашмалари раҳбарлари билан учрашув ва музокаралар ўтказган.
Ташриф дастурига мувофиқ, 7 апрел куни тоғ-кон саноати, меҳмонхона бизнеси ва озиқ-овқат саноати соҳасида фаолият юритувчи корхоналар билан учрашувлар ташкил этилган.
Таъкидланишича, учрашувларда компанияларга самарали инвестиция таклифлари ва Ўзбекистонда бизнесни олиб бориш учун яратилган шарт-шароитлар тақдим этилган. Компаниялар раҳбарлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берган ва Америка компанияларининг мамлакатда кўп йиллик тажрибага эга бўлган муваффақиятли фаолиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирган.
Учрашувлар якунлари бўйича фойдали қазилмалар соҳасида ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланган ҳамда фойдали қазилма конларини қидириш ва қазиб олишга инвестициялар киритиш, юқори даражада майдалаш комплексларини (HPGR) қуриш, инновацион технологияларни жалб этиш ва муҳим хомашё учун қўшилган қиймат яратиш, ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Туризм соҳасида янги лойиҳалар – меҳмонхоналар қуришни амалга ошириш муддатлари ҳам келишиб олинган.
«Эришилган келишувлар тегишли битимлар билан мустаҳкамланди. Ҳар бир лойиҳага масъул лойиҳа менежери тайинланди», — дейилади хабарда.