Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда ўқитувчи ва ота-оналар ўртасида жанжали акс этган видео тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ММТБ Ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, мазкур ҳолат жорий йилнинг 7 апрель куни тахминан соат 14.40 атрофида Миробод туманидаги 213-сонли умумтаълим мактаби директори хонасида рўй берган.
Аниқланишича, фуқаро К.Ф. 213-мактабда ўқимаслигига қарамай, бир неча марта мактабга кириб, ўртоқларининг дарсда ўтиришига халақит берганлиги учун мактаб директори И.С. уни таълим муассасаси ҳудудидан чиқариб юборган.
7 апрель куни К.Ф. яна мактаб ҳудудида дарс вақтида собиқ синфдоши билан учрашган. Бунинг гувоҳи бўлган директор К.Ф. билан гаплашиб турган унинг тенгдоши 10-синф ўқувчиси А. га танбеҳ берган.
Шу куни К.Ф. нинг отаси фуқаро К.Ф. ўз турмуш ўртоғи билан мактаб директори кабинетига бостириб кириб, директорга ҳурматсизлик қилган. Уни сўкиб, туҳмат гаплар билан ҳақорат қила бошлашган. Бундан асабийлашган мактаб директори И.С. ота-онани ўз хонасидан чиқиб кетишларини талаб қилган ва ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилган.
Мазкур ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Миробод тумани судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, К.Ф. МЖтКнинг 183-моддаси ва 194-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ўқувчининг онаси аёл фуқаро К.Ф.га эса БҲМнинг 3 баравари миқдорида 1 125 минг сўм жарима жазоси тайинланди.
Ўқитувчи И.С. МЖтКнинг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида 750 минг сўм жарима жазоси тайинланди.