Ташқи қарз: хавотирлар қанчалик ўринли?

Марказий банкнинг Ўзбекистон ташқи қарзига оид ҳисоботидан ижтимоий тармоқларда ваҳима ясаляпти.

Аслида меъёридаги давлат ташқи қарзи соҳадаги мутахассисларни ташвишга солмайди. Чунки иқтисодий ўсишни қатъий мақсад қилиб олган мамлакатлар учун ташқи қарз олиниши, унинг ўзгариб туриши табиий ҳол.

Аслида давлатнинг ташқи қарзи ҳам унинг макроиқтисодий кўрсаткичлардан бири саналади.

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг тавсияси ҳамда таснифига кўра иқтисодиёти ривожланаётган, бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги мамлакатлар учун жами давлат қарзи ЯИМга нисбатан 75 фоиздан, давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 55 фоиздан ошмаслиги тавсия этилган.

2024 йил якуни бўйича Ўзбекистон умумий ташқи қарзининг ҳажми $64,1 млрд. (ЯИМга нисбатан 55,7 фоиз) ташкил қилмоқда. Шундан давлат ташқи қарзи ҳажми қарийб $33,9 млрд. (ЯИМга нисбатан 29,5 фоиз) ҳамда корпоратив ташқи қарз ҳажми $30,2 млрд. Кўриб турганингиздек, биз ҳали бу борада “чегарадан” анча узоқдамиз, “қизил чизиқ”қа яқинлашмаганмиз.

Кўплаб мамлакатлар, хусусан, ривожланган мамлакатлар ҳам ўнлаб йиллар давомида юқори давлат қарзи билан яшаб келмоқдалар. Масалан, Франция, Италия ва Японияда юқоридаги кўрсаткичлар 100 фоиздан ошади.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат қарзи тўғрисида” ги қонунининг 35-моддасида “давлат қарзининг энг юқори миқдори ЯИМнинг йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 60 фоиздан ошмаслиги керак” – деб белгилаб қўйилган. Демак, бундан кўринадики, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи билан боғлиқ вазият доим ваколатли давлат органлари ва малакали мутахассисларнинг назорати остида.

Умуман олганда, Ўзбекистоннинг ташқаридан қарз жалб қилиш даражаси ортиб бораётган бўлса-да, иқтисодиётимиз барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлиб, йиллик ўсиш 6,0-6,5 фоиздан кам бўлмаяпти. Қолаверса, Ўзбекистон олтин-валюта заҳиралари 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, $41,18 млрд ни ташкил этганини ҳисобга олсак, ташқи қарз миқдори хавотирли даражада эмас.

Хулоса қилиб айтганда, давлат қарзи, ҳаттоки, ташқи қарзи ҳам меъёрида бўлса, бу ҳолат фақат ва фақатгина иқтисодий ўсишга туртки бўлади.