Угандада тимсоҳ балиқчини парчалаб ташлади

Угандадаги Эдуард кўлида 30 ёшли балиқчи Андрес Мумбере тимсоҳ ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди. Гувоҳларнинг айтишича, у балиқ овлаш учун кўлга тушган пайтда сувдан кутилмаганда чиққан йиртқич тимсоҳ томонидан ҳужумга учраган.

Мумбере ёрдам сўраб бақирган, аммо атрофдаги одамлар унга ўз вақтида ёрдам кўрсата олмаган. Кейинроқ унинг жасади кўлдан топилган бўлиб, танасида кучли тишлаш излари аниқланган ва баъзи аъзолари йўқ бўлган.

Ҳодисадан сўнг маҳаллий ҳокимиятлар балиқчиларга тимсоҳлар кўп тўпланган жойлардан узоқлашишни тавсия қилди. Бироқ балиқ овлаш маҳаллий аҳоли учун асосий даромад манбаи бўлгани учун улар хавф-хатарларга қарамасдан сув бўйларига чиқишда давом этмоқда.

Мумберенинг ўлими ушбу ҳудуддаги сўнгги бир йил ичида рўй берган иккинчи ҳалокатли тимсоҳ ҳужуми ҳисобланади. 2024 йил октябрида шунга ўхшаш ҳолатда яна бир 28 ёшли йигит қурбон бўлган эди.

New Vision нашрига кўра, Уганда полицияси хавфли ҳудудни патрул қилиш учун денгиз пиёда қўшинлари бўлимларини жалб этди.