Тинчлик ваъда қилган Трапм уруш бошладими? (видео)

2024 йилнинг ноябрь ойида ўтказилган Америка президентлигига сайловларда Дональд Трамп яна сиёсат майдонига қайтди. У ўз сайловолди дастурида, «мен фаолиятимга қайтган куним Россия ва Украина урушини тўхтатаман», деган эди. 2025 йилнинг бошидан ҳисоблаганда ҳам олти ой ўтдики, уруш тўхтамай, Яқин Шарқдаги муаммолар авж олмоқда. Дастлаб «тинчлик элчиси» дея таърифланган Трампга қарши Нью-Йорк кўчаларида «Трамп уруш жиноятчиси» деган намойишлар бошланди.

Намойишларга 22 июнь куни Америка Қўшма Штатлари Ҳарбий-ҳаво кучлари ва денгиз флоти Эрондаги бир қанча ядровий объектларга қарши ҳужум уюштиргани сабаб бўлган. Улар орасида Фордо уран бойитиш заводи, Натанз ядровий иншооти ва Исфахон ядро технологиялари ва тадқиқот маркази бор эди. Бу ядро иншоотлари Эрондаги энг муҳим уран бойитиш марказларидан эди. Бу воқеа 13 июнда бошланган Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиёти ва Эроннинг Исроилга жавоб зарбалари фонида юз берди. Ушбу ҳолат кўпгина сиёсатчилар томонидан, «Бу АҚШ-Эрон урушини тугатиш эмас, балки 46 йиллик урушда янги саҳифа очиши мумкин», деб таъкидланмоқда. Шунингдек, Яқин Шарқдаги кескин вазиятлардан дунёнинг етакчи давлатлари ҳам хавотирда эканини маълум қилган.

Жумладан, Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Ламми Х (собиқ Twitter)даги постида Эронни «ўзини тутиб туришга ва бу инқирозни тугатиш учун дипломатик ечим топишга» чақирди ва Буюк Британия АҚШ зарбаларига алоқадор эмаслигини таъкидлади. Бош вазир Кейр Стармер аввалроқ Эронни АҚШ зарбаларидан кейин музокаралар столига қайтишга чақириб, Эроннинг ядровий дастурини “халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид” деб атаган эди.

Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барро Франция АҚШнинг бир кечада берган зарбаларини «хавотир» билан кўрганини ва уларда иштирок этмаганини айтди. «Франция Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига бир неча бор ўзининг қатъий қаршилигини билдирган. Франция бу масалани доимий ҳал қилиш учун Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома доирасида музокаралар йўли билан ҳал этиш зарурлигига ишончи комил», деб давом этди у. «У ўз ҳамкорлари билан ҳамкорликда бунга ҳисса қўшишга тайёр».

Европа Иттифоқи: Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен «барқарорлик устувор бўлиши керак» ва «халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш жуда муҳим» деди. «Энди Эрон учун ишончли дипломатик ечимга интилиш вақти келди. Музокаралар столи бу инқирозни тугатиш учун ягона жойдир», деди у.

Шунингдек, Россия президенти Владимир Путин ҳам Украина уруши ва Яқин Шарқдаги можаролар учинчи жаҳон урушига айланиб кетишдан хавотирда эканини билдирган.