Сурхондарёда экология байрами дастурхонига 470 миллион сўм сарфланди

Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг 2025 йил 5 июнь куни имзоланган фармойиши турли саволлар ва баҳсларга сабаб бўлмоқда. Унга кўра, «Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни» муносабати билан ўтказилган байрам дастурхонини ташкил этиш учун вилоят бюджетидан 470 миллион сўм ажратилган. Бу қарор, экологик муаммолар чуқур илдиз отган ҳудудда, давлат маблағларининг сарфланиши самарадорлиги борасида жиддий шубҳаларни уйғотмоқда.

470 миллион сўм – бу оз сумма эмас. Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни, ўз номи билан, экологик муаммоларга эътибор қаратиш, аҳолининг атроф-муҳитга бўлган муносабатини ўзгартириш, аниқ чора-тадбирларни белгилаш кунидир. Аммо бу кунни дастурхон ёзиш билан нишонлаш мантиқсизлик эмасми?

470 миллион сўм Сурхондарёнинг долзарб экологик муаммоларини ҳал этишга йўналтирилса анча оқилона бўларди. Айнан бу маблағ эвазига муайян жойдаги ичимлик сув муаммосини ҳал этиш, ҳаво ифлосланишига қарши кураш учун мониторинг ускуналари олиш ёки «яшил ҳудудлар» барпо этиш, чиқиндиларни саралаш пунктларини ташкил этиш, ҳеч бўлмаганда, чиқинди урналари ўрнатиш ва аҳолида экологик маданиятни ошириш, мумкин эди.

Бундай маблағларнинг дастурхонбозликка сарфланиши эса, вилоятнинг реал экологик эҳтиёжларига бўлган эътиборсизликни кўрсатмайдими?..